Илк мулоқот 7 январда фуқаролик жамияти институтларининг юздан зиёд ходимлари ва фаолларини офлайн ва онлайн форматда жамлади.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

— Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳасида Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши сақлаб қолинган ҳолда яна иккита янги йўналиш қўшилган ва 94 та устувор вазифалар белгиланган, — деди Акмал Саидов. — Энди мақсад ва вазифалар янги босқичга олиб чиқиляпти. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки глобал миқёсдаги муносабатларга киришяпти, глобал масалаларда ўзининг ташаббуслари билан чиқяпти ва нуқтаи назарларини билдиряпти. Янги стратегия доирасида 23 та янги Дастурлар, концепциялар қабул қилиш, 13 та янги қонун ва 12 та кодекс, шу жумладан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Бу фуқаролик жамияти институтларининг муҳим пойдеворини ташкил этадиган ҳужжат бўлади.

«Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, иқтисод тармоқларини трансформация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2022-2026.strategy.uz электрон платформалари орқали муҳокама қилиш давом этяпти. Платформаларда фуқаролар ўз таклиф ва мулоҳазаларини ёзиб қолдириши мумкин.

— Ўтган беш йилда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ўзининг мустаҳкам позициясига эга бўлди, — деди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. — Нодавлат ташкилотларининг мамлакатимиздаги ислоҳотларни режалаштиришда, амалга оширишда, назорат қилишдаги иштироки кенгайди. Аввал бундай натижага эришилмаган эди. Айни пайтда биз Тараққиёт стратегияси лойиҳасини жамоатчилик, жамият манфаатларидан, эркинликларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш имкониятига эгамиз.

Мулоқот мобайнида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, «Сабр» ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, Қашқадарё вилояти «Юксалиш» ахборот-маслаҳат ресурс маркази, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ва бошқа ННТ вакиллари билан инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш орқали халқпарвар давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш жиҳатлари муҳокама этилди. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳасида таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш назарда тутилганига тўхталиб ўтилди. Лойиҳада қуйидагилар таклиф этилмоқда: жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини 7 баробарга ошириш.

Мулоқот иштирокчилари айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва сайлов маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни қонунчиликка имплементация қилиш ишларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Уларнинг фикрича, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш ўз самарасини беради. Шунингдек, ижтимоий шерикликнинг самарасини, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш юзасидан берилаётган таклифлар юзасидан фикр алмашинди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.