Ушбу сафар Ўзбекистон элчиси Равшан Усмоновнинг 11 октябрь куни Куала-Лумпур мэрияси раҳбарияти билан учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлди.
Малайзия делегацияси Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров билан учрашди. Шунингдек, Самарқанд куни муносабати билан ўтказилган тантаналарда иштирок этгани баробарида янги ташкил этилган «Буюк Ипак йўли» халқаро сайёҳлик марказида бўлди.
Мулоқот чоғида Малайзия томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, Самарқанд шаҳрининг тарихи, жумладан, мамлакатимиз ҳукумати томонидан шаҳар тарихини чуқур ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда республиканинг бой маданий меросини, кўп асрлик меъморчилик анъаналарини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хайрул Аҳмод бин Моҳд Жури пандемиянинг бошқа мамлакатлар иқтисодиёти ва туризм саноатига салбий оқибатлари аён бўлиб турган бир шароитда Ўзбекистон ҳукумати республиканинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича кўраётган чора-тадбирларига юқори баҳо берди. Шу муносабат билан, Куала-Лумпур мэрининг ўринбосари Самарқанд шаҳрида «Буюк Ипак йўли» халқаро сайёҳлик марказининг очилгани билан табриклади, бу қадимий шаҳарнинг Янги Ўзбекистоннинг туристик дарвозаси сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга ўз ҳиссаасини қўшажагини билдирди.
Малайзия томони Куала-Лумпур ва Самарқанд ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни, жумладан, мева-сабзавот, тўқимачилик, ҳунармандчилик ва бошқа маҳсулотларни, шунингдек, сайёҳликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
Ташриф якунлари бўйича Самарқанд ва Куала-Лумпур шаҳарлари маъмуриятлари ўртасида юқорида қайд этилган йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун ишчи алоқаларни изчил давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.