Президентимизнинг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги “Зарчоб-1 кичик ГЭСини қуриш лойиҳаси якунига етган бўлса, “Зарчоб-2 кичик ГЭС”и қурилиши бошланди ва “Зарчоб-3 кичик ГЭС”ини лойиҳалаш ишлари якунига етказилмоқда.
Аҳамиятлиси шундаки, бу ресурслар табиий ва қайта тикланувчандир. Экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, саноат корхоналари, турли идоралар ва аҳолига етказиб берилади.
Зарчоб-1 кичик ГЭСини қуриш лойиҳаси қуввати 37,80 МВт бўлиб, қиймати 80,4 миллион долларга тенг лойиҳа жорий йилнинг сўнггида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Мазкур иншоот қурилиши “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг тизим ташкилоти ҳисобланган “Гидропроект” АЖ томонидан лойиҳалаштирилган.
“Зарчоб-1” кичик ГЭСга 2 та гидроагрегат ўрнатиш белгиланган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 37,4 МВтни ташкил этади. Ҳозирги кунда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, созлаш ва синовдан ўтказиш, автоматик тизим бошқарувини марказлашган ҳолда мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ушбу объектдаги қурилиш ишлари 2017 йилнинг август ойида бошланган эди. ГЭС учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компаниялари томонидан етказиб берилди.
– Мазкур ГЭСда икки навбатда қурилиш ишлари ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда “Зарчоб-1” кичик ГЭСда сўнгги синов ишлари амалга оширилмоқда, – дейди “Тўполанг” ГЭС бош муҳандиси Нуриддин Салимов. – Жорий йилнинг сўнггида мазкур ГЭС ишга туширилиши режалаштирилмоқда. “Зарчоб-1” кичик ГЭС ишга тушса, Сариосиё, Узун, Денов, Қумқўрғон, Шўрчи, Олтинсой туманларига электр етказиб бериш ҳажми ошади. Бундан ташқари ГЭС фаолият бошлаши билан, 80 киши иш билан таъминланади.