— Ўзбекистон тарихида илк маротаба, яъни 2020 йил январь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, бизда ҳам камбағал аҳоли қатлами мавжудлигини очиқ айтди.

Ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали камбағаллик муаммосини ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблаш – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермаслиги алоҳида таъкидланди.

Камбағалликни камайтириш мақсадида аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, уларнинг ички салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш каби комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш бўйича муҳим қадамларни қўйиш кераклиги қайд этилди.

Тарихий Мурожаатномадаги ана шу руҳ, кайфият янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ҳам ўз мужассамини топди. Яъни, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари ва уларнинг аниқ мезонлари янги кодексдан ўрин олди.

Хусусан, 14 ёшга тўлмаган, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек, кўп болали оилалардаги ота-оналар, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларини тамомлаб касбга эга бўлган ёшлар, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари, олий таълим ташкилотларининг давлат гранти бўйича таълим олган битирувчилари, ногиронлиги бўлган, пенсияолди ёшдаги шахслар, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар ҳамда одам савдосидан жабрланганлар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига киритилди.