Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги «Наманган вилоятининг таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан янги туманга асос солинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 ноябрдаги 718-сонли қарорига мувофиқ Наманган вилояти Наманган шаҳри таркибида Давлатобод тумани ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «РАҚАМЛИ ЎЗБEКИСТОН - 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6079-сонли Фармонига мувофиқ, 2020-2022 йилларда Наманган вилояти Давлатобод туманини рақамли трансформация қилиш дастурига асосан электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими ҳудудда янада жадаллаштирилади ва тўлов тартиби такомиллаштирилади.

Мазкур электр таъминоти корхонаси ҳозирги кунда 40 мингга яқин маиший истеъмолчилар, 1,5 мингга яқин турли соҳалардаги улгуржи истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш бўйича хизмат қилади. Ҳудудда 5 та кичик саноат зонаси, жумладан, «Юксалиш» ва «Орзу» КСЗлари, туризм маскани - «Афсоналар водийси» тематик боғи, 421 намунали кўп қаватли уйлар, Наманган муҳандислик-технология институти, 18 мактаб, 24 болалар боғчаси, 5 тиббий муассаса, 5 замонавий меҳмонхона, «Навбаҳор» стадиони, 700 га яқин хизмат кўрсатиш объектлари жойлашган. Қолаверса, «Namangan Square» ва «Namangan smart city» каби йирик истиқболли лойиҳалар ҳам шу ҳудудда амалга оширилмоқда.
- Наманган шаҳри, 6-кичик туман, «Хотира» кўчаси, 4-уйда иш бошлаган мазкур корхонада 67 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Собиқ «Дўстлик» ЭТК ўрнида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган бино чиройли ва кўркам қиёфага эга, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Мижозлар учун барча шароитлар, қулайликлар яратилган. Банк ва почта алоқа касса шохобчалари фаолият кўрсатади, - дейди «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акционерлик жамияти директори Жаҳонгир Ризаев.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.