Тадбирда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Туризм хизматларини сертификатлаш маркази директори Султон Хонбабаев, Германиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Др. Тило Клиннер, «Valor Hospitality Partners» таъсисчиси ва бошқарув ҳамкори Жулиен Бергуе, «Deutsche Hospitality» вице-президенти Зигфрид Ниерҳаус, Hotel Pro компанияси асосчиси Дилшод Одилов, «The Globus Hotel» МЧЖ раҳбари Раҳматулла Раҳметов туризм соҳаси мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан С. Хонбабаев Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов номидан ташкилотчиларга жойлаштириш воситаларини ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратишдаги ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, айни дамда Ўзбекистонда меҳмонхоналар сони ошиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

«Айни дамда юртимизга хорижлик сайёҳлар оқими тобора кўпайиб боряпти. Бу эса ўз навбатида меҳмонхоналар сонини янада оширишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам туризмнинг бошқа соҳалари сингари меҳмонхоналар сонини кўпайтиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти, – деди у. – «IntercityHotel Tashkent» брендининг Ўзбекистонга кириб келиши эса, албатта, қувонарли ҳодиса. Негаки, ушбу бренд замонавий меҳмонхона талабларига тўлиқ жавоб бера олади».

«Deutsche Hospitality» вице-президенти Зигфрид Ниерҳаус эса ҳамкорлик учун нега айнан Тошкент танланганини айтиб ўтди.

«Кўп давлатларни ўргандик. Ҳар хил омилларни таҳлил қилдик ва амин бўлдикки, Ўзбекистон, Тошкент меҳмонхона очиш учун энг ишончли ҳамкор ва энг қулай жой экан. Тошкентдаги шароитлар, бугунги ривожланиш менга жуда ёқди. Бунинг учун Президент Шавкат Мирзиёевга ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлигига миннатдорлик билдираман. Чунки мамлакатингиздаги тараққиёт бу ерда меҳмонхона очаётганимиз учун биз учун ҳам жуда муҳим», – деди вице-президент.

Тадбирда сўзга чиққан «Valor Hospitality Partners» таъсисчиси ва бошқарув ҳамкори Жулиен Бергуе меҳмонхона қуришдан олдин Тошкентни ўрганиб чиққанини таъкидлади.

«Икки йил аввал Ўзбекистон аэропортидаги кутиш ҳолатлари мени бироз ранжитганди. Бугун эса бу каби муаммолар бартараф этилганининг гувоҳи бўлдим. Бунда эса, албатта, Туризм ва маданий мерос вазирлигининг ўрни катта, – деди Бергуе. – Меҳмонхона очишдан аввал Тошкентни айланиб чиқдим. Шаҳар аҳолисининг муомаласи, хатти-ҳаракатлари, яшаш тарзи менга жуда ёқди. Тошкент гўзал шаҳар, унинг гўзаллиги эса меҳридарё, бағрикенг одамларидир. Тошкентдан ташқари Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятларида туризм соҳасидаги янгиликларни ҳам ўргандим ва меҳмонхона қуриш учун яхши жой танлаганимга яна бир бор амин бўлдим. Айни дамда Бухорода ҳам янги меҳмонхоналар қуряпмиз. Биласизми, Ўзбекистон билан тўлиқ танишиб олганимдан кейин дўстларимга, хориждаги яқинларимга, албатта, бу мамлакатга келишларини тавсия қиляпман».

Жулиен Бергуе меҳмонхона соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибаси бор ва 40 дан ортиқ меҳмонхона қурган мутахассис сифатида бу галги лойиҳаси ҳам ўзини оқлашини ва Янги Ўзбекистоннинг бир бўлагига айланишига умид қилишини айтиб ўтди.

Конференция сўнгида ҳамкорлар ўртасида расмий ҳужжат имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этиш керакки, «IntercityHotel Tashkent» меҳмонхонаси Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган бўлиб, 2023 йил 1-чорагида очилиши режалаштирилган. Меҳмонхона замонавий интерьерга эга 122 та номер, бизнес тадбирлар ёки форумларга мўлжалланган конференция зали, бассейн, спорт зали ва бошқа хизмат турларини қамраб олади. Шу билан бирга, меҳмонхонада 160 га яқин янги иш ўрни ташкил этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги 433-сон қарори билан тасдиқланган «Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги Низом»га мувофиқ таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан фойдаланиш ва мазкур брендлар томонидан меҳмонхоналарни бошқариш бўйича франчайзинг тўғрисида шартномалар тузилган тақдирда мазкур харажатлар давлат томонидан қисман молиялаштирилади.