Бу турдаги ҳисоблагичлар айни кунда "Тошкент шаҳар сув таъминоти" АЖ мижози бўлган 670 мингта хонадонга ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда савол туғилади, айни кунда шаҳар кенгайиб, янги хонадонлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Ушбу янги хонадонларга ҳисоблагич қачон ва қай тартибда ўрнатилади?
Янги хонадонларга истеъмолчилар ҳисобидан ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилади.
Таъкидлаш лозим, айни кунда янги қурилаётган уйларга қурувчилар томонидан эски русумдаги механик ҳисоблагичлар ўрнатиш ҳолатлари учрамоқда.
Қурувчи мазкур ҳолатни техник шарт ва унда ҳисоблагич билан боғлиқ банд билан оқлашга ҳаракат қилмоқда.
Айтиш лозим, қурилиш техник шартлари икки йил муддатга берилади. Ушбу муддатдан ўтган техник шартлар янгиланиши лозим. Ҳозирги кунда "Тошкент шаҳар сув таъминоти" АЖ томонидан берилаётган техник шартларда хонадонларга ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгиланмоқда.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, хонадон эгалари уйни қабул қилиш жараёнида сув ҳисоблагичларга эътиборли бўлишлари лозим. Бундан буён янги ҳисоб рақам олаётган истеъмолчиларнинг эски русумдаги ҳисоблагичлари Жамият томонидан тамғаланмаслиги ва биллинг тизимига киритилмаслигини ҳам эслатиб ўтамиз.