Президентимизнинг 2020 йил 8 августдаги «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доираси Қайроқ массивида ўзлаштиришга киришилган яйлов ерларда ёнғоқ, олма ва нок боғлари, малина, тут ҳамда доривор гиёҳлар плантациялари барпо этилиши ҳисобига 3 мингдан зиёд ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлади.
Шу мақсадда ўтган йили қуриб фойдаланишга топширилган, лойиҳа қиймати 91 млрд сўм бўлган икки кўтармали «Қайроқ» насос станцияси, 1 метр диаметридаги 4 км қувур тармоғи орқали 211 метр баландликка обиҳаёт чиқариб, Қайроқ массивидаги 1400 гектардан зиёд сувсиз ерларни ўзлаштириб, фойдаланиш имконини берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари Қайроқ массивида ўзлаштирилаётган ерларда малина плантацияси барпо этиш жараёнлари билан танишди. Айни кунда дастлабки гектарларда малина боғлари барпо этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу ерда сархил маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорга сотиш йўналишида кластер тизими йўлга қўйилди. Натижада бир вақтнинг ўзида 400 дан зиёд сўхлик ёшларнинг доимий бандлиги таъминланади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичда, 185 гектар майдонда картошка етиштириш йўлга қўйилади.
Вилоят ҳокими сўхлик нуронийлар, фаоллар, ёшлар билан бўлган мулоқотида янги ўзлаштирилаётган ерлар аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашда ўзига хос имконият майдони эканлиги ва ундан самарали фойдаланиш борасида яратиб берилган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.
Расулжон Камолов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.