Юксак тараққий этган мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинса, илм-фан, инновацион технологиялар ҳамда таълим-тарбия масалаларига давлатнинг энг муҳим вазифаси деб қаралгани, керак бўлса, ушбу соҳа вакиллари ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлангани ва рағбатлантирилганига гувоҳ бўламиз. Зеро, миллат ва ватан равнақи, том маънода, юксак тафаккур соҳиблари қўлида экани айни ҳақиқат.
Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномасига диққат қаратилса, айнан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар юрт тараққиётини белгилайди, деган қарашнинг нақадар ҳаётий эканини кўриш мумкин. Бинобарин, натижаси дарҳол кўзга ташланмайдиган, аммо яқин келажакда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартирадиган қудратли омил, шубҳасиз, таълим-тарбия, илм-фан масалаларидир.
Мурожаатномадаги таълим-тарбия, илм-фан соҳасига оид фикр-мулоҳазаларни нафақат халқимиз, балки дунё миқёсидаги нуфузли экспертлар эътироф этмоқда. Халқаро жамоатчилик ва дипломатик корпус вакиллари Президентимизнинг Ўзбекистон парламентига йўллаган Мурожаатномасида таъкидланган муҳим ташаббусларнинг долзарблигини мамнуният билан қайд этмоқда. Бу каби эътирофлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижи ва рейтинги янада юқорилаб бораётганидан далолат беради.
Президентимиз 2019 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида таълим-тарбия соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, жумладан, мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида йигирма беш фоизга ва келгусида эллик-олтмиш фоизга етказиш, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб давлат гранти асосида ўқишга қабул бўйича давлат буюртмаси параметрларини босқичма-босқич ошириш, масофавий ўқитиш кўламини кенгайтириш, хотин-қизларни олий таълимга қабул қилишда алоҳида грантлар ажратиш каби вазифалар белгиланган эди. Албатта, бу борада кўплаб ишлар амалга оширилдики, бундан барчамиз яхши хабардормиз. Қувонарлиси, яқинда эълон қилинган Мурожаатномада ҳам таълим соҳасига оид қатор муҳим ташаббус ва таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, Мурожаатномада айтилган таълимга оид энг муҳим ташаббусларга кўра, кейинги йилдан олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида йигирма беш фоиз оширилади. Олий таълим муассасаларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун давлат грантлари икки баробар кўпайтирилади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилади; хусусий олийгоҳларга керакли мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси бериш тизими йўлга қўйилади. Буларнинг барчаси келгусида мамлакат истиқболини белгилаш билан бирга, ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини оширишга хизмат қилади.
Педагогларнинг машаққатли меҳнатига баҳо берар экан, Президентимиз мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида “Биз устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан”, деган эди.
Ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам давлат ва жамият равнақига асос бўлган таълим, тарбия, илм-фан барча эришилган ғалабаларга муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Бунга тарихдан кўплаб мисоллари келтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, юксак марраларни кўзлаб катта йўлга чиққан, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётган эканмиз, барчамиз ягона мақсад йўлида Президентимизга камарбаста бўлиб, виждонан ишга киришсак, албатта, зафар биз томонда бўлади.
Носир ЖЎРАБОЕВ,
Рашид БАРАТОВ,
Тошкент давлат транспорт университети доцентлари