«Яшил макон» умуммиллий ҳаракатининг жорий йил кузги мавсуми учун кўчат ўтқазиш ишлари жойларда жадал олиб борилмоқда. Хусусан, куни кеча Зойир Мирзаев бошчилигидаги фаоллар туманда бўлиб, аҳоли билан учрашди, мавсумга старт берилди.
Тумандаги М-39 халқаро автомобиль йўли ёқасида жойлашган «Янгийўл импекс бусинес» МЧЖга қарашли ер майдонида танланган ҳудудга қайрағоч, шумтол, терак сингари маҳаллий турлар сирасига кирадиган кўчатлар экилди.
Зойир Мирзаев шу ерда аҳоли вакиллари – нуронийлар, ёшлар, фермерлар, маҳалла раислари, умумтаълим мактаби директори билан учрашди, мазкур акциянинг мазмун-моҳияти, алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларига тўхталди.
Янгийўл туманида фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг дала четларига жорий йилнинг куз ойларида тут, терак, узум ва мевали дарахтлар экишнинг прогноз кўрсаткичлари муҳокама қилинди. Бунда замонавий агротехник тадбирларни қўллаш борасида амалий тавсия берилди.
Маълумот ўрнида, Тошкент вилояти жорий мавсумда 6 миллион 800 минг туп мевали, манзарали кўчат ва буталар экиш режаштирилган бўлиб, шундан Янгийўл туманида 1096 туп тут, узум, терак, олча, бодом, жийда ва бошқа турдаги мевали дарахт кўчатларини экиш кўзда тутилган.
Шунингдек, семинар давомида боғ ораларидан ҳам самарали фойдаланган ҳолда ерларини сифатли ҳайдаб, 90 бости маҳсулотларининг совуққа чидамли экинлари экиб кўрсатилди.
Экинларни суғоришда илғор усуллардан ҳисобланган томчилатиб суғориш технологиясини кенг жорий қилиш жараёнларини тадбиқ этишнинг қулайликлари ва авзалликлари ҳақида ҳам сўзлаб ўтилди.