В.Норов меҳмонни қутлар экан, Элчининг Ўзбекистон-Япония муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Ё.Фужияма Ўзбекистондаги фаолияти давомида мамлакатимизнинг жадал ривожланишига хизмат қилган кенг кўламли ислоҳотларга гувоҳ бўлганини таъкидлади. Япония томони юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда кўмаклашишга тайёр.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очди. Олий даражадаги мулоқот фаол олиб бориляпти, парламентлар, ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар, банк, молия ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алмашинувларнинг ижобий суръати кузатиляпти.
Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари даражасида самарали маслаҳатлашувларни давом эттириш, савдо-иқтисодий соҳада ўзаро ҳамкорликнинг белгиланган механизмларидан изчил фойдаланиш, маданий-гуманитар йўналишдаги тадбирларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Ё.Фужияма Ўзбекистон томонига мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятини амалга оширишда яратилган ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва қулай шароитлар учун миннатдорлик билдириб, эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг яқин дўсти бўлиб қолишини таъкидлади, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.