Камида беш киши жароҳатланди, деб хабар берди The Japan Times.

11 километр чуқурликда бўлган биринчи зилзила эпимаркази Симане префектураси шарқида қайд этилган. Бироқ зилзилалар Япониянинг ғарбий қисмидаги катта ҳудудда сезилиб, телевизор ва мобил телефонларда эрта огоҳлантириш тизимларини ишга туширди.

6,4 магнитудали зилзила Симане префектурасининг Мацуэ ва Ясуги шаҳарларида, шунингдек, Тоттори префектурасининг Сакай-Минато, Хино ва Кофу шаҳарларида қайд этилган. Япония метеорология агентлиги (JMA) цунами хавфи ҳақида огоҳлантирди.

Маҳаллий вақт билан соат 17:00 ҳолатига кўра, асосий зилзиладан сўнг ҳудудда 21 бор афтершок, жумладан 5,1 магнитудали зилзила содир бўлган.

JMA кейинги ҳафтада, хусусан, кейинги икки-уч кун ичида 5 ёки ундан катта магнитудали зилзилалар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Япония Бош вазири Санаэ Такайчи сешанба куни эрталаб журналистлар билан суҳбатда ҳукумат зарар кўламини баҳолаётганини айтди ва маҳаллий аҳолини эҳтимолий зилзилаларга тайёрланишга чақирди.

Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Минору Кихаранинг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат 11:00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида ҳеч қандай атом электр станцияси зарар кўрмаган. Chugoku Electric Power Coга тегишли атом электр станцияси Симане префектурасида жойлашган.

Зилзила оқибатида электр таъминотидаги узилишлар туфайли JR West компанияси Хиросима ва Окаяма станциялари орасидаги Sanyo Shinkansen йўналишида поездлар қатновини тўхтатди.

Жароҳатланганлар ёки вайронагарчиликлар ҳақида расмий маълумот берилмаган бўлса-да, NHK телеканали зилзила оқибатида беш киши шифохоналарга етказилгани ва бир неча бино вайрон бўлганини маълум қилди, деб хабар берди korrespondent.net.