Шу йилнинг 21 январь куни Миграция агентлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида ишлаб чиқилган “Japan Career Portal”ни расмий ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Миграция Агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президети жаноб Акиҳико Танака иштирок этди.
Маросимда қайд этилганидек, ушбу порталнинг ишга туширилиши икки давлатнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим воқеа ҳисобланади.
Бу JICAнинг Марказий Осиёдаги мана шу йўналишдаги биринчи лойиҳаси бўлиб, Япониянинг саноат секторида ишга жойлаштириш орқали инсон капитали ривожини таъминлашга хизмат қилади.
“Умид қиламанки, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ишга туширилган ушбу портал Японияда ўқиш, ишлаш ва малака ошириш истагидаги ўзбекистонлик ёшларга, мутахассисларга самарали кўмакчи бўлиб хизмат қилади", - деди JICA президети Акиҳико Танака.
“Japan Career Portal” Ўзбекистон фуқароларига Японияда меҳнат миграцияси, таълим ва яшаш имкониятлари ҳақида ишончли маълумотларни тақдим этувчи универсал платформа саналади.
Бундан ташқари, япониялик иш берувчиларга ўзбекистонлик мутахассисларнинг салоҳияти ва касбий сифатлари ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этиб борилади.
Шунингдек, Япониянинг "Махсус малакага эга ишчи" дастури доирасида Ўзбекистон учун соҳалар тармоғини кенгайтириш, япон тили ва малака курслари сонини кўпайтириш, Япониянинг йирик иш берувчи ва рекрутинг компанияларини ҳамкорликка жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Порталда ўзбек, рус ва япон тилларида маълумотлар мавжуд бўлиб, уни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боришингиз мумкин.