Амалий сафар доирасида Ogura Fabrics корхонаси президенти Хисахиде Огура билан музокаралар ўтказилди. Ogura Fabrics корхонаси ипакчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона бўлиб, ўз фаолиятини 1895 йилда бошлаган. Корхона маҳсулотлари North Face каби бир қатор таниқли брендлар томонидан қўлланилган, Япония император оиласи томонидан корхона маҳсулотларидан совға тариқасида фойдаланилган, шунингдек, корхона Токио-2020 олимпия ўйинлари учун махсус сувенир маҳсулотлари - шарф тайёрлаган. Ҳозирги пайтда Ogura Fabrics нафақат ипак, балки синтетик ва кимёвий толалардан ҳам матолар ишлаб чиқармоқда.
Хисахиде Огура унинг корхонаси мукаммал технологияларга эгалиги ва унда юқори сифатли - рақобатдош ипак ва синтетик маҳсулотлар тайёрланишини маълум қилди. У хорижий мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ипакчилик соҳасидаги корхоналари билан ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, ҳозирда Японияда ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мутахассислар етишмаслиги, хусусан, унинг корхонасидаги ходимларнинг аксариятини кўп йиллардан буён фаолият юритадиган кекса ёшдаги ишчилар ташкил қилишини маълум айтди. Шу муносабат билан, юртимиздан ипакчилик соҳасидаги ёш кадрларни жалб қилиш борасида амалий ёрдам сўради.
Ўз ўрнида, Ўзбекистон – ипакчилик соҳасида бой тажриба ва юксак салоҳиятга эга бўлган мамлакат эканлиги маълум қилинди. Бугунги кунда ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва унинг истиқболлари тўғрисида маълумотлар япон томони вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув якунида мамлакатимизнинг тегишли компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида яқин фурсатларда онлайн музокаралар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.