Осиё-Тинч океани сув форуми 2006 йилда Япония бош вазири Рютаро Хашимото ташаббуси билан тараққиётнинг 8 та устувор мақсади – Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришиш учун сув ресурсларини барқарор бошқаришни ривожлантириш учун ташкил этилган. Ушбу устувор йўналишларга жамоатчиликнинг тоза ва ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш, сув инфратузилмасини такомиллаштириш, дарё ҳавзалари ва сув омборларини қайта таъмирлаш ва бошқа йўналишлар киради.
Саммитда Осиё-Тинч океани минтақасининг 49 мамлакатидан Давлат ва ҳукумат раҳбарлари, тегишли вазирлик раҳбарлари, хусусий сектор ва халқаро жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси номидан тадбирда Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков қатнашди.
Бу йилги Саммитнинг мавзуси «Барқарор ривожланиш учун сувни бошқаришда кейинги авлодлар учун энг яхши амалиёт» бўлди. Тадбир минтақада сув хавфсизлигини таъминлаш зарурати ва аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларидан фойдаланиш ва тақсимлаш билан боғлиқ илғор тажриба билан алмашиш ҳамда долзарб масалаларни муҳокама қилишга қаратилди.
Саммитга Осиё-Тинч океани сув саммити Қўшма Ижроия қўмитаси раиси, Осиё-Тинч океани сув форуми президенти, шунингдек Япония сув форуми президенти Ёширу Мари модераторлик қилди.
Маълумот учун: 2004 йилда ташкил қилинган Япония сув форуми Осиё-Тинч океани сув форумининг котибияти функциясини бажариб туради. Унинг вазифалари глобал сув муаммолари соҳасида тадқиқотлар ўтказиш ва тавсиялар тайёрлаш, Японияда тўпланган сувдан самарали фойдаланиш билан боғлиқ ноу-хау ва технологиялар билан танишишга кўмаклашиш, шунингдек Япония ва хориждаги сув ресурслари йўналишидаги манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Япония сув форумининг корпоратив аъзолари Япониянинг 85 етакчи компаниясидир. Форум сув хўжалиги соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва бу борадаги минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун томонларни бирлаштирувчи майдончадир.
Бевосита ва онлайн тарзда ўтказилган Саммитнинг очилишида Япония Императори Нарухито мамлакатнинг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш механизмларини илгари суриш бўйича тажрибаси ҳақида сўзлади ва Япониянинг ушбу соҳадаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича миллий устувор йўналишларини белгилаб берди.
Очилиш маросими якунида саммитда иштирок этувчи делегациялари раҳбарларининг учрашувлари, шунингдек, унинг бизнес дастурига киритилган бошқа тадбирлар бўлиб ўтди.
Саммитнинг муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбирларидан бири олий даражадаги ялпи мажлис бўлиб, унда тадбир кун тартибидаги асосий масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишда сўзга чиққан С.Умурзаков Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон позициясини билдирди. Мамлакатимизда 2021-2023 йилларда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасини ривожлантириш стратегияси, шунингдек, қишлоқ хўжалигида ва мамлакат саноат корхоналарида сувни тежайдиган технологиялар ва юқори технологик тизимларни кенг миқёсда татбиқ этишни назарда тутувчи 2030 йилгача Сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилгани ва тасдиқлангани таъкидланди. Орол инқирози билан боғлиқ муаммолар ва уларни бартараф қилиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, Саммит доирасида ёш авлод учун платформа ва қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини камайтириш ва сувдан самарали фойдаланиш борасида тажриба, ахборот ва стратегиялар алмашишнинг самарали механизмини яратиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Шу нуқтаи назардан, Оролбўйи минтақасида иқтисодий вазиятни яхшилаш, аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш ва Орол денгизининг қуриб қолиши билан боғлиқ экологик оқибатларини бартараф этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармасининг амалий фаолияти муҳимлиги таъкидланди.
Саммитнинг биринчи куни якунлари бўйича «Кумамото Декларацияси» қабул қилинди. Ушбу ҳужжат жамиятни трансформациялаш ва уни ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтирилиш, инвестицияларни кўпайтириш ва инсон салоҳиятини юксалтириш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек саммитда иштирок этаётган мамлакатларда сув муаммоларини ҳал қилиш учун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мавжуд ресурсларни ва кўп томонлама ҳамкорлик воситаларини сафарбар қилиш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олди.
Декларация, шунингдек, минтақа мамлакатларининг илмий-техник ҳамжамиятини сув муаммоларини ҳал қилиш учун ўзига хос иқлим, географик, миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда сув хўжалиги соҳасидаги инновацияларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Саммит 23 ва 24 апрель кунлари ўз ишини давом эттиради. Икки кунлик тадбир давомида бир вақтнинг ўзида 9 та тематик машғулотлар, турли кўргазмалар, шунингдек 4 та бирлашган сессиялар ўтказилиши режалаштирилган.