28 февралдан бошлаб Ўзбекистон шаҳарларидан Дубай, Шаржа, Мадина, Доха, Жидда, Тел-Авив, Теҳрон, Қувайт йўналишларида барча авиақатновлар бекор қилинди. Натижада 28 феврал – 2 март кунлари Қувайт, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ва БАА дан 1 681 та фуқароларимиз уча олишмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Форс кўрфази мамлакатларида қолиб кетган юртимиз фуқароларини Ўзбекистонга қайтиб келишларини самарали ташкил этиш юзасидан берган топшириғи доирасида Транспорт вазирлиги томонидан резидент ва хорижий авиакомпаниялар билан аниқ режалар тузилди. Ишларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида “Ўзавиация” агентлигида 24/7 режимда ишлайдиган ШТАБ ташкил этилди.
Қатор мамлакатлар ҳаво ҳудудининг ёпиқ қолаётганлиги ҳамда вазият ўзгариб бораётганлигини, шунингдек, хорижий мамлакатлар авиация ҳукуматлари билан ўтказилган музокаралар якуни бўйича эришилган келишувларни инобатга олган ҳолда барча авиакомпаниялар парвозларни бажаришда амал қилиши лозим бўлаган талаблар белгиланди.
Ҳозирги вақтда резидент ва норезидент авиакомпаниялар томонидан 2026-йил 28-февралгача жўнаб кетган йўловчиларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида парвозлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига кўра, мамлакатимиз резидент авиакомпаниялари томонидан Мадина ва Жидда аэропортларидан 21 та парвозлар бажарилиб 4 948 та ҳамда Дубай шаҳридан 235 та йўловчилар Ўзбекистонга олиб келиниши таъминланди.
Ушбу рейслар бўйича маълумотларни аниқлаштириш учун фақатгина авиакомпанияларнинг ваколатхоналарига ва уларнинг расмий веб-сайтларида кўрсатилган телефон рақамларига (ишонч телефонларига) мурожаат қилиш лозим.
Эҳтимолий тушунмовчиликлар ва молиявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида фақат расмий маълумот манбаларидан фойдаланиш ва текширилмаган воситачиларга мурожаат қилишдан сақланиш тавсия этилади.
Йўловчиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ўзавиация” агентлигининг call-маркази 24/7 режимида ишлайди: тел. +998 (78) 120-00-72, +998 (71) 200-07-65.