Давлатлар ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлсада, ҳамкорликнинг ҳозирги даражасига 2019 йилда Президентимизнинг Абу-Дабига ташрифидан сўнг эришилди. Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбарининг БААда бўлган расмий музокаралари янада яқин, ишончли ва ўзаро манфаатли алоқаларни шакллантиришга янги суръат бағишлади.

«Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» саммитида рақамли иқлим алоқаси, келажакни молиялаштириш, энергияни сақлашдаги инновациялар, «яшил» иқтисодиёт соҳасида барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди. Президентимиз саммитда сўзлаган нутқи орқали бугун энергетика манбаларини диверсификация қилиш, уларнинг мувозанатида углеводород улушини кескин камайтириш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш аҳамияти, экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган «яшил» ривожланиш моделига ўтиш янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади эканига йиғилганлар эътиборини қаратди.

Бугун мамлакатимиз «яшил» иқтисодиёт, «яшил» энергетика, инфратузилмани ривожлантириш орқали янги инвестиция ва технологияларни жалб этмоқда. Бу борада БАА инвестицияларни даромадли ва технологияларни самарали қиладиган ишончли шерикдир. Энг аҳамиятлиси, ҳамкорлар давлатимиз раҳбарининг барқарор ривожланиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббус ларини эътироф этмоқда. 2030 йилга бориб, Ўзбекистон CО2 эмиссиясини 35 фоиз камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини эса 54 фоизга етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Давлатимиз раҳбарининг «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги»даги нутқи моҳиятидан барчамиз чуқур англаганимиздек, табиатни асраш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари сиёсий мақсад эмас, балки келажак авлод олдидаги масъулиятни кўрсатиб бермоқда.

Саммит доирасида ўзбекистонлик ўқувчилар ёмғир сувини тўплаш ва фильтрлаш лойиҳаси учун Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги мукофотга сазовор бўлгани эълон қилинди. Беш йўналишда таъсис этилган ва 150 дан ортиқ давлат, 6000 га яқин лойиҳа орасидан мукофотнинг «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида айнан Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари ғолиб деб топилгани юртимизда ёшлар таълимига қаратилаётган эътибор, фарзандларимизга мактаб ёшидан сингдирилаётган илм иштиёқи, глобал экологик муаммоларга инсоний ёндашув, чинакам дахлдорлик руҳи, янги Ўзбекистоннинг янги авлодини етиштириш йўлида қилинаётган машаққатли меҳнатнинг тотли мевасини бутун дунёга намоён этди. Шунингдек, она тилимиз БМТнинг 6 расмий тили билан бир қаторда синхрон таржима қилинган ягона тил бўлгани ўзбек тилининг халқаро майдонда ошиб бораётган нуфузи, дунё мамлакатларининг Ўзбекистонга ҳурматини кўрсатди.

Кучли сиёсий дипломатия орқали кенг иқтисодий ҳамкорликка йўл очаётган Президентимиз ушбу ташрифи доирасида БААдаги кўплаб вазирлар ва йирик компания раҳбарлари билан учрашди. Жумладан, инвестициялар вазири, АДҚ холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий бошчилигидаги етакчи компаниялар делегацияси билан учрашув ўтказди. Ҳар бир компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги қадамлар белгиланди. Инфратузилмани ривожлантириш, шаҳарсозлик, энергетика, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, электротехника, коммунал хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари БАА сунъий интеллект вазири Умар бин Султон алОлама, «АМEА Поwэр» компанияси раҳбари Ҳусайн ал-Новайс, «М42» компанияси раҳбари Ҳасан Жасим ал-Новайс ва «ИФФCО Гроуп» компанияси раҳбари Шероз Алланни қабул қилди. Мазкур компаниялар турли йўналишларга кўра, жаҳоннинг етакчи компанияларидан ва улар билан келгусида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, албатта, Ўзбекистон учун ҳам самарали бўлиши шубҳасиз.

Аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбарининг Муҳаммад бин Зоид номидаги университет билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва сунъий интеллект соҳасидаги илмий тадқиқотларга оид қўшма дастурни ишга тушириш борасидаги таклифи юртимиз ёшлари ва зиё аҳлининг дилидаги истакни ўқиб тургандек эзгу ташаббус бўлди.

Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси учун сермаҳсул ўтган саммитда давлатимиз раҳбари барқарор ривожланиш ва «яшил» тараққиёт йўлида юртимиз бутун дунёга очиқ эканини баралла таъкидлар экан, барча иштирокчиларни кенг кўламли амалий ҳамкорликка чорлади.

Президентимизнинг дадил ва аниқ мақсадга қаратилган ташқи сиёсати туфайли энди мамлакатимизнинг стратегик шериклари қаторига БАА ҳам қўшилди. Бу, шубҳасиз, дипломатик муносабатларда Ўзбекистоннинг янада юқори босқичга кўтарилаётганини ифода этади. Барқарор ривожланиш соҳасидаги Ўзбекистон — Бирлашган Араб Амирликлари мулоқоти натижасида бугун «яшил» тараққиёт умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди. Юртимизда минтақавий ҳамкорлик янада кучайиб, Марказий Осиёни «яшил» иқтисодий ривожланиш ва тоза энергия марказларидан бирига айлантиришдаги ташаббуслар рўёбга чиқади.

Албатта, бу ҳамкорлик жараёнларини юртдошларимиз катта иштиёқ ва ифтихор билан кузатар экан, хушхабар билан бошланган ташриф Ўзбекистонга кўрсатилган ўзгача ҳурмат-эҳтиром, барқарор ривожланиш саммитидаги муносиб иштирок, 8 та юқори даражадаги муҳокама ва унда устувор бўлган халқ манфаати, 20 га яқин компаниялар билан учрашувлар, самарали келишувлар моҳиятан ўзбекистонликларнинг фаровон ҳаёти учун замин яратаётганини қалбан ҳис этди.


Баҳодиржон Шермуҳаммадов,

педагогика фанлари доктори, профессор


Ҳамкорлик материали