Кўргазмада Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.
Куни кеча «Яшил ҳафталик — 2024» халқаро кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросим доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Узбекистан» павилонига бориб, у ердаги Ўзбекистондан келтирилган тури хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўздан кечирди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, кўргазмада иштирок этаётган турли давлат вакиллари айнан «Uzbekistan» павилонига катта қизиқиш билдирмоқда. Яна бир сабаб сифатида шуни айтиш мумкин, павилонимизда Ўзбекистондан келган ошпазларимиз томонидан палов ҳам тайёрланди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Венгрия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жолт Фелдман ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда чорвачилик йўналишида ҳамкорлик алоқалари, картошкачилик, хусусан картошкани Ўзбекистон иқлим шароитига мос навларини етиштириш бўйича музокаралар олиб борилди.
Учрашув якунида икки томон вакиллари ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикрлар алмашди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Германиянинг Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ҳамда Германия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида илм-фан истиқболлари, икки томонлама ҳамкорликнинг «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ҳамда бу борада ишчи гуруҳ тузиш масалалари учрашувнинг асосий муҳокама мавзусига айланди.