Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Халқаро молия корпорацияси (ИФC) бошқарувчи директори Махтар Диопнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Молия вазирлигида Бош вазир ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, молия вазири Тимур Ишметов ва Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар, хусусий сектор ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар беради.

Суҳбат давомида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда хусусий секторни жалб қилишнинг ўрни ва афзалликлари ҳамда юртимизнинг яшил иқтисодиётга ўтиши ва хусусий секторни иқлимни яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда устувор соҳаларни декарбонизация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, бошқа мамлакатлар намунасида муваффақиятли амалга оширилган яшил лойиҳаларнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиб бораётган давлатлар орасида яшил инвестиция бўйича етакчи ҳисобланади. Халқаро молия корпорацияси (ИФC) Ўзбекистон ҳукуматига иқлим ўзгариши лойиҳаларига хусусий инвестицияларни сафарбар етиш бўйича “ Йўл харитаси” ишлаб чиқишда ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.

Халқаро молия корпорацияси (ИФC) бошқарувчи директори Махтар Диопнинг сўзларига кўра: "CОВИД-19 пандемиясидан кейин иқтисодий тикланишни тезлаштириш режаси борасида Ўзбекистон иқлим ўзгаришини юмшатиш лойиҳаларига сармоя киритиш учун кенг имкониятга эга. Бу қисқа муддатли манфаатли лойиҳа бўлиб қолмай, балки янги иш ўринлари яратишда ва иқтисодий ўсишда катта фойда келтирадиган узоқ муддатли инвестицияларни жалб этишга йўл очиши мумкин.

Маълумки,Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Халқаро молия корпорацияси бошқарувчи директори Махтар Диоп бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Музокаралар чоғида тадбиркорлик соҳасида, бизнесни молиялаштиришнинг самарали механизмларини, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантиришдаги илғор тажрибани жорий этиш борасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда “яшил технологиялар”ни татбиқ этиш, шу жумладан энергетика ва қишлоқ хўжалигидаги инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳим экани таъкидланган эди.

                                                                               Абдурауф ҚОРЖОВОВ