Хусусан, жорий йилнинг 13 ноябрь куни Таълим инспекцияси биноси ҳудуди ва атрофига 300 тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахтлар ўтқазилди.

Шу билан бирга, инспекцияга яқин ҳудудда жойлашган Чилонзор ва Яккасарой туманларидаги мактабларга дарахт кўчатлари беғараз ёрдам сифатида етказиб берилди.

Бундан ташқари, инспекция оталиққа олган Сергели туманидаги 55- ва 104-сонли мактабларга ҳам дарахт кўчатлари етказиб берилиб, ўқитувчилар ва ўқувчилар билан биргаликда мактаблар ҳудудида кичик боғлар ташкил этишга ҳисса қўшилди.

Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси аҳамиятига тўхталар экан, унинг ёш авлодни она табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

 — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган лойиҳа моҳиятини ёшларга етказиш жуда муҳим, — дейди Таълим инспекцияси бошлиғи. — Чунки лойиҳанинг асосий мақсади ҳудудларни фақат кўкаламзорлаштириш ёки дарахтлар экиш билангина чекланмайди. Ушбу ғоя ёш авлод онгида табиатга, атроф-муҳитга бўлган меҳрни ошириш ҳамда уларда мамлакатимиздаги экологик муҳитга нисбатан дахлдорлик ҳиссини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Халқаро тажрибага қарайдиган бўлсак, кўпгина ривожланган давлатларда табиий фанларни табиат қўйнида бевосита амалиёт билан боғлаб ўтилади, бизда ҳам ушбу тажрибанинг қўлланилиши таълим сифатининг ошишида яхши самара беради.

Қайд этиш лозим, инспекциянинг ҳудудий бўлимлари ҳам мазкур лойиҳа доирасидаги ишларни ташкил қилишда таълим муассасаларига кўмаклашиб келмоқда, дея хабар беради Таълим инспекцияси матбуот хизмати.