Айниқса, кўчат бозори жонланган, одамлар келиб, қучоқ-қучоқ кўчат кўтариб кетяпти. Ташкилотлар, идоралар кўчатчилик хўжаликлари билан шартнома тузиб, ёппасига катта-катта майдонларда боғ ва экинзорлар барпо қилишга киришган.

Қатордан қолмай деб, дам олиш кунлари олма, шафтоли ва гилос ниҳолларини келтириб, экишга ҳозирлик кўра бошладим. Ерни чуқур қилиб ковлаётсам, қўшнимиз Болтавой ака ўтиб қолди. У миришкорлик ҳадисини олган. Уйи ва кўчаси турли экин ва ўсимликлардан боғ бўлиб кетган. Ишимни бир оз кузатиб, ёнимга келгач, кўчатларни қўлига олди.

— Мана бу олманинг ёввойироқ нави шекилли, гилос эса дурустга ўхшаяпти. Шафтоли ҳам яхши экан. Ниҳолларни пала-партиш экиб бўлмайди. Булар тез ўсиши ва серҳосил бўлиши учун шох ва илдизига ишлов бериш керак. Парвариши ҳам кишидан ҳафсала талаб қилади.

Билган барибир яхши экан. Болтавой ака менга кўчат экиш масаласида анча тушунча берди. Бу ишнинг шунча нозик жиҳати борлигини билмас эканман. Назаримда, ниҳолларни экиб бўлганимиздан кейин кўчатлар анча виқорли ва ерга мустаҳкам ўрнашгандек бўлди. Демак, ҳар ишни билиб бажаришда ҳикмат кўп экан. Келажакда бу кўчатлар ўсиб, азим дарахтга айланиши, мўл ҳосил бериши, ундан барча бирдек баҳраманд бўлишини ўйладим, қилган ишимдан мамнунлик икки-уч кундан буён мени тарк этмаётгани ҳам рост.

Куни кеча юртимиз аҳли яна бир хайрли ишга гувоҳ бўлди. Президентимиз “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида қатнашиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди. Давлатимиз раҳбари халқимиз азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гулу райҳонлар экканини таъкидлади. Ҳудудларда яшил боғлар яратиш бўйича аҳоли ва депутатлар иштирокини янада кенгайтиришни таклиф қилди.

Мамлакатимиз етакчиси маҳалла раислари, отахон ва онахонлар, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаолларни жойларда миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятларни янада кенг тарғиб қилиш, клублар ва жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда бош-қош бўлишга чақирди.

Бу саъй-ҳаракатлар юртимизда бир неча йилдан буён давом этиб келаётган ва самара бераётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган экан, унинг қандай кечаётганини биринчи манба — “Яшил макон”нинг ўзидан сўраб қўя қолишни маъқул кўрдик.

— Ишлар авжида эканини кўриб, хурсанд бўляпмиз. Кўлам жуда катта-ку, а?

— Ҳа, белни маҳкам боғлаганимиз рост. Бир неча йилдирки, мамлакатда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш, ўрмонлар ва яшил ҳудудлар майдонини ­кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш ҳамда ­чўлланишга қарши курашиш ишларини тизимли бажариш, шунингдек, мазкур йўналишларда ягона давлат сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштириш мақсади жўшмоқда.

Сўнгги йилларда дунё миқёсида экологик муаммолар тобора долзарблашиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, ҳавонинг ифлосланиши ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш инсоният келажагига жиддий хавф туғдирмоқда. Бундай шароитда табиатни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ана шундай муҳим экологик дастурлардан.

Бу ташаббус орқали мамлакат бўйлаб кенг кўламли дарахт экиш ишлари бажарилмоқда. Минглаб гектар ер майдонида янги яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Бу жараён нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки аҳолининг ҳаёти сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 30 майдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда ўрмонларни бошқариш тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан аниқ мақсад ва ташаббуслар белгилаб олинган.

Бундан ташқари, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги фаолиятининг устувор йўналишлари, шунингдек, ушбу йўналишда муҳим чора-тадбирларни белгилаш ва соҳани ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. Бугун давом этаётган ишлар кўлами ҳам шунга яраша ­бўляпти.

— Ишлар давлат сиёсати даражасига чиққан экан, кутилаётган самара ҳам шунга яраша бўлиши керак...

— Албатта. Ўтган йили 26 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлил этилган эди. Камчилик ва йўл қўйилган нуқсонлар танқид қилиниб, келгуси вазифалар белгилангандан сўнг ишлар янгича шиддат олди. Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бешинчи устувор йўналиш сифатида эълон қилинди.

“Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллиард сўмдан беряпмиз. Бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирамиз. Бундай ёндашув орқали 2030 йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз”, деди мамлакат етакчиси.

Шунингдек, чанг-тўзонларнинг олдини олиш учун Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон” ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилиши, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилиши маълум қилинди.

Умуман, Мурожаатномада кўплаб мени қувонтирадиган вазифалар тилга олинди ва улар ижросига аллақачон киришилган. Масалан, корхоналарда экостандартларни жорий қилиш учун келгуси беш йилда камида 30 минг экология менежерига талаб пайдо бўлади. Шунинг учун 2026 йилда ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳаво, сув ва тупроқ сифатини аниқлаш имконини берадиган комплекс лабораториялар ташкил этилади. Шаҳарларда табиий вентиляцияни кучайтиришга қаратилган тадқиқотлар ўтказилади. Умуман, экология соҳасига 2026 йилда 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.

Яқинда, яъни 2026 йил 30 март куни яна бир муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Президентининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Унинг ижроси ҳам менинг гуллаб-яшнашимга хизмат қилади. Гап шундаки, 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғлари ташкил қилинади. Дендрология боғлари мақомига кўра ботаника боғларига тенглаштирилади.

Фармонда ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш мақсадида ажратиладиган ер майдонлари, истисно тариқасида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловларидан озод қилиниши белгилаб қўйилди. Ботаника ва дендрология боғларининг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, иккиламчи ижарага бериш, ҳудудини қисқартириш қатъий тақиқланади.

— Демак, кечаги тадбир юқоридаги кенг қамровли ишларга янгича шиддат берар экан-да?

— Агар сўнгги беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинаётгани, ўтган даврда 2000 гектардан зиёд ­майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парки, 47 та массивда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилганини эътиборга олсак, шундай бўлиши табиий.

Бундан ташқари, республиканинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди. Оролнинг қуриган тубидаги 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонлари яратилди. Шамол ва қум-чанг бўронларининг зарарли таъсирини олдини олиш мақсадида 33 туманда 60 километрли “яшил белбоғ” ҳосил қилинди. Умуман, қисқа муддатда республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди.

— Мақсадлар мазмуни ҳақида нима дея оласан?

— Мақсадлар кўлами, айтганимдек, жуда кенг. Шаҳарларда саноат корхоналари, транспорт воситалари ва бошқа омиллар ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлади. Бундай шароитда дарахтлар ва яшил ҳудудлар табиий фильтр вазифасини бажаради. Мутахассислар фикрича, бир дона катта дарахт йил давомида бир неча ўн килограммгача зарарли моддаларни ютиши мумкин. Шунинг учун шаҳарларда дарахтлар кўпайиши экологик муҳитни яхшилашда муҳим аҳамиятга эга. Яшил боғлар ва парклар дам олиш, спорт билан шуғулланиш ва табиат қўйнида вақт ўтказиш имконини яратади.

Дейлик, 2026 йил 1 январдан бошлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлиги, яшовчанлиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланган. Масалан, давлат ўрмон хўжаликларида республика ҳудудининг иқлим шароитига мос дарахт турларининг замонавий селекция усулларидан фойдаланиб, сифатли ва кафолатланган уруғларни етиштириш ҳажми 1,5 баравар оширилади. Уруғчилик лабораторияларида республика иқлим шароитига мос ўсимлик турларидан оналик плантациялари ташкил қилинмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, давлат ўрмон хўжаликлари етказиб бераётган кўчатлар ҳажмини 2 баравар ошириш вазифаси қўйилган.

Ташаббуслар тўғрисида ҳам айтиб кетай. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш, “Яшил макон” электрон платформасида очиқликни таъминлаш ва рақамлаштиришга қаратилган қатор механизмлар жорий қилиняпти. Кейингиси, лойиҳага давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ ҳисобидан қилинадиган ишлар тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка “ҳар бир тийин сарфланишини кузатиш” тамойили асосида онлайн етказилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, энди дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатнома бериш юзасидан мурожаат қилган шахс тўғрисида маълумот, кўчирилиши ёки кесилиши таклиф этилаётган дарахт ва кўчириш сабаби, аниқ манзили, жойлашуви, фото ва видеотасвирларини акс эттириш ҳам керак.

Яна бир гап. Илгари “Менинг боғим” дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмга оширилади. Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин ва энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади.

— Булар, албатта, эзгулик йўлидаги саъй-ҳаракатлар. Ҳимоя механизмлари-чи, улар нималарни назарда тутади?

— Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахслар томонидан компенсация сифатида экилган дарахт ва бута кўчатлари ҳисобини юритиш тизими жорий қилиняпти. Дарахтларни қонунга хилоф равишда кесган жисмоний ва юридик шахслар, ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар юзасидан кўрилган чоралар бўйича “Яшил макон” электрон платформасига доимий равишда маълумотлар киритиб бориш ҳам белгиланган.

Эсласангиз, 2021 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти ўтказган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш белгиланган эди. Шундан буён ишлар юқори босқичга чиқди. Бундай кенг кўламли ташаббус амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирча 30 фоиз кенгайтирилди.

Умуман, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бу — бир йиллик тадбир эмас. У мунтазамлик касб этиши мақсад қилинган ва албатта, ижроси таъминланади. Бунинг учун барча имконият ва ресурслар етарли.

— Одамлар ҳам бу жараёнга астойдил киришиб кетди. Жойларда халқимиз, айниқса, ёшларимиз намоён қилаётган фаоллик ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Шундай эмасми?

— Худди шундай. Лекин шу ўринда масаланинг яна бир муҳим жиҳати, яъни экологик маданият ҳақида тўхталишим лозим. Экологик муаммоларни ҳал қилишда аҳолининг экологик маданияти ҳам катта аҳамиятга эга. Агар инсон табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлса, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш осонлашади. “Яшил макон” лойиҳаси бу борада ҳам муҳим. Дарахт экиш тадбирларида ёшлар, талабалар ва фуқароларнинг иштирок этиши табиатга нисбатан жамоавий масъулият ҳиссини шакллантиради. Бу эса келажакда экологик муаммоларнинг камайишига хизмат қилади.

Бугун экилаётган ҳар бир ниҳол келажак авлод учун соғлом ва тоза муҳит яратишда қўл келади. Шунинг учун бу ташаббусда фаол иштирок этиш, табиатни асрашга ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Айниқса, ёшлар бу ташаббусда катта фаоллик кўрсатмоқда. Мактаб ўқувчилари, талабалар ва кўнгиллилар дарахт экиш тадбирларида қатнашиб, табиатни асрашга ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали экологик тарғибот ишлари кенг юритилаётгани ҳам қувонарли ҳол.

Келгусида лойиҳа янада кенг кўламда амалга оширилади. “Яшил шаҳарлар” концепциясини ривожлантириш, экологик инфратузилмани кенгайтириш ва аҳолининг экологик маданиятини ошириш истиқболдаги асосий вазифалардан.


Нодир БЕК,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси