Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Табиат ресурслари вазири Азиз Абдухакимов ҳам иштирок этиб, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳозирда кенг қулоч ёзиб, умуммиллий ҳаракатга айланганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 8 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилинади.

«Тошкент яшил белбоғи» лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва буталар, 20 миллион туп гул кўчатлари экилади.

Албатта, бу вазифаларни амалга ошириш Табиат ресурслари вазирлиги ва вазирликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси жамоасидан ҳам катта масъулият талаб этади.

Атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда дарахтларнинг ўрни жуда катта бўлиб, фотосинтез жараёнида дарахтлар ажратадиган кислород тоза ҳаводан нафас олишимизни таъминлаб беради. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, дарахт экиш ҳар биримизнин бурчимизга, кенг жамоатчиликнинг вазифасига айланиши лозим.

Тадбирда шундан келиб чиққан ҳолда ўтган йиллар давомида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида тўпланган тажриба асосида жорий мавсумда Тошкент шаҳрида дарахт кўчатларини ўтқазиш тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, пойтахт иқлимига мос кўчатларни танлаб, уларни парваришлаш, суғориш тизимини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Тадбирда манзарали, мевали дарахтлар ва бута кўчатлари, гуллар ҳамда ўсимликлар парвариши учун муҳим бўлган минерал ва органик озуқалар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбир доирасида бўлиб ўтган кўчат экиш акциясида Табиат ресурслари вазири Азиз Абдухакимов яхши ният билан дарахт кўчати ўтқазди.

Бугуннинг ўзида пойтахтимизнинг барча ҳудудларида ниҳолларни экиш жараёни бошланди.