Тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган мулоқотларда билдирилган фикрлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифларини чуқур таҳлил қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармон билан яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб:
- яширин иқтисодиёт кўламини кескин қисқартириш орқали мамлакатда соғлом рақобат ва хусусий бизнесни ривожлантириш;
- яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли схемалари, хуфиёна ишлаб чиқариш ва ноқонуний молиявий оқимларга барҳам бериш орқали иқтисодий барқарорликни ва аҳоли фаравонлигини таъминлаш;
- иқтисодиётдаги хуфиёна айланмаларга қарши курашувчи давлат органлари фаолиятининг аниқ йўналишларини белгилаш орқали масъулияти ва жавобгарлигини ошириш;
- кенг жамоатчиликда яширин иқтисодиётга муросасизлик ҳиссини шакллантириш белгиланди.
Ушбу Фармондан кўзланган асосий мақсад:
- қонунга итоаткор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётни репрессив йўл билан эмас, балки уларни рағбатлантириш механизмлари ва амалий кўмак бериш орқали кўламини камайтириш;
- жазолов чораларини кучайтиришдан воз кечган ҳолда инсофли тадбиркорни ҳимоя қилиш, уларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ҳамда бизнес ривожига тўсиқ бўлувчи коррупцион омилларга барҳам бериш ҳисобланади.