Дастлаб туманнинг “Семурғ” маҳалла фуқаролар йиғинига борилди. Бугунги кунда мазкур маҳалладаги 1801 та хонадон, 31 та кўпқаватли уйда 4 минг 800 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ташриф давомида маҳаллада 90 миллион сўм маблағ эвазига 100 квадрат метр ҳудудда қурилган болалар майдончасида бўлиниб, бу ерда ёш авлод учун яратилган қулайликлар билан танишилди.

Шундан сўнг, аҳолига байрам кайфиятини улашиш мақсадида “Ширинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ош дамланиб, сумалак ташкил этилди. Саҳна кўринишлари уюштирилиб, ногирон, кам таъминланган оилаларга совғалар тарқатилди.

Айни пайтда Нодира номли маҳалла фуқаролар йиғинидаги Нодирабегим кўчасида жойлашган ва кўп йилларда бери фойдаланилмаётган 50 ўринли “Оталар чойхонаси”да таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда нуронийлар учун яратилаётган шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, жиҳозлаш ишлари бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

“Беҳизор” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 500 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла ҳудудидаги бўш турган майдонда тикув цехи ташкил этиш ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида 80 миллион сўм маблағ эвазига 10 та замонавий тикув машиналари харид қилинган. Ташриф давомида маҳалла фуқаролар йиғини, тикув цехи фаолияти ҳамда ишсиз аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

Беш минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган “Асалобод” маҳалла фуқаролар йиғинида умумхалқ ҳашари йўли билан 130 нафар ходим ва зарур техникаларни жалб қилиш орқали экилган 500 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари, чиқиндилардан тозаланган ҳудудлар ҳамда ташландиқ ерда янги барпо этилаётган футбол майдончаси бўйича олиб борилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Наврўз байрами муносабати билан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, байрамона кайфият улашиш мақсадида совғалар улашилди. Аҳоли хонадонларига кирилиб, ҳолидан хабар олинди, муаммолари эшитилди.