Шаҳрихонлик дўппидўз Ёрқиной опа Тўйчиева Президентимизнинг Андижон вилоятидаги сайловчилар билан учрашувида нутқ сўзлайман, деб сира ўйламаганди. Аслида, бундай ҳурмат ва эътиборга муносиб инсон. Негаки, у ҳунари ортидан давлат раҳбарининг қўлидан медаль олган аёл. Лекин сўзга чечан зиёлилар, бошқа кўзга кўринган соҳа вакиллари турганида, оддий бир ҳунарманднинг нутқ сўзлаши... Ёрқиной опа билан ёнма-ён ўтирган айрим йиғилиш иштирокчилари “овора бўлманг, Шаҳрихонга сўз навбати  берилмаса ҳам керак”, деганларидан хижолат тортганлари аниқ.

 Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Қуронбоевнинг самимий эътирофи опани илҳомлантириб юборди: “Жуда яхши биламан, Сизнинг ўзингизга хос бўлган шарқона сўзларингиз бор, сиз ҳам бемалол гапиришингиз мумкин”.

– Муҳаммаджон ака айтганидек, ўз сўзларимни айтгандим, Президентимиз ҳурсанд бўлиб кетди, – дея гап бошлади уста дўппидўз. Опа ҳаяжон билан ўша кунги гапларини яна такрорлади: “Биз шаҳрихонликлар сизни жуда яхши кўрамиз. Зеро, Шаҳрихон ҳунармандлар юрти. Сўнгги беш йилликда сизнинг миллат тожи бўлган дўппидўзликка бўлган эътиборингиз миллийлигимизни қайтарди, бу билан бизнинг даромадимиз ҳам ошди. Ташаббусингиз билан вилоятимизда ҳунармандчилик маркази қурилди. Жорий йилнинг 6 март куни эса ҳаётимдаги унутилмас сана бўлиб қолди. Чунки оддий дўппидўз аёл юксак минбарларга кўтарилиб, сизнинг қўлингиздан “Меҳнат шуҳрати” медалини олганим нафақат ўзимнинг ҳаётимда, балки дўппидўзлик тарихида ҳам қувончли воқеа бўлди. Шу маънода ҳам ушбу юксак мукофотдан руҳланиб, ватанимизга, ҳунармандчилик соҳасига қўл оёғи чаққон, ўзбек дўпписини дунёга танитадиган ёшларни тарбиялашни мақсад қилдим”.

Дил тубидан чиққан шу каби самимий нутқни тинглаб, давлатимиз раҳбари опага “Мен сизга энг юксак мукофотни бериб адашмабман, ҳаётингизни мана шундай жўшқин кайфият тарк этмасин”, деганида залдагиларнинг барчаси қарсак чалиб юборгани бежиз эмас.

Зеро, ҳар гал қўлига игна кирганида онасини хотирлаб, бечора онам-а, дея кўзларига ёш оладиган моҳир дўппидўзни, унинг меҳнаткаш онасини таниган, билганлар Ёрқиной опанинг медаль олганини эшитиб: “Роҳатхон хожи она ўлмаган, дўппилари шудди шунақанги харидоргир эди. Президентимиз онахоннинг қизини муносиб тақдирлабди”, дейишди. Мана шунинг ўзи опага ҳаётда нима учун яшаётганини англатди. Шу икки оғиз гап дўппидўзликдан топган энг катта бойлиги бўлди унинг. Игна ушлайверганидан қўлларининг анча дағаллашгани, яхши маънода темирга айланганини ҳам ҳалол меҳнатнинг завқи деб билади.

Ўшанда мукофотни топшираётиб Президентимиз опанинг қўлини сиққанича “Меҳнат қилган қўлларингиз дард кўрмасин, узоқ йиллар фарзандларингизнинг бахту камолини кўриб юринг, насиб қилса, сиз билан яна учрашамиз,” деган эди. Ана шу ният ижобат бўлди.

– Бу мукофот аслида онамники, – дейди Ёрқиной опа. – Онамнинг ҳунарини олиб, кам бўлмадим. Яна бир нарсага амин бўлдимки, ҳунарманд, ҳалол меҳнат билан кун кечирадиган оилада вояга етган фарзандлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмас экан. Илоҳим, бу ёғига ҳам шундай бўлсин! Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, ҳар қандай ҳунарда тарбия ҳам бўлади. Битта дўппини бировнинг бошига қўндиргунча бўлаётган жараённи ўз кўзлари билан кўрган болалар албатта мушоҳада қилади. Онам қийинчилик билан пул топяпти, бунинг қадрига етайлик, бехуда сарфламайлик, дейишар экан-да. Қалбида раҳм-шафқат уйғонади, қизларда эса сабру тоқатлилик. Бундан ташқари, уйда ҳунар билан шуғулланган аёлнинг болалари ҳамиша назоратда бўлади. Қаёққа кетяпти, нима қиляпти, билиб туради. Ўзбек аёлларига оиладан ажралмаган ҳолда ҳам эътибор, ҳам даромад келтирадиган ҳунарлардан бири — дўппидўзлик. Мактабда ўтиладиган меҳнат фанига шу дўппидўзлик ҳам киритилса яхши бўларди. Ахир халқимиз миллийликка қайтяпти, дўппини қадрлай бошлади.

Опанинг гапида жон бор. Дўппидўзликни қизларимизга ўргатсак, улар қизларига ўргатади албатта. Бошқа вилоятларни билмадим-у, Андижонда куёвдан ташқари, қиз ва йигитнинг отасига ҳам дўппи олинади. Ўзингиз ўйланг, битта тўй бўлса учта, 10 та бўлса, 30 та дўппи керак бўлади. Тўйларнинг кети-кетига уланаётган айни кунларда водийда дўппининг бозори чаққон. Шаҳрихондаги замонавий ҳунармандчилик марказида қаҳрамонимиз янги кашф қилган хумо гулли дўппилар ҳам жуда харидоргир бўлиб кетяпти. Бундан ғурурланасан фақат. Гербимизда қанот ёзган хумо қушини ҳурматлаган одамлар миллийликни ҳурматлаётганидан қувонасан.

Ҳунармандларга махсус тайёрланган марказда савдо қилиш, айниқса, пандемия бартараф бўлса, туристлар билан савдолашиш ҳам завқли. Зеро, ҳунармандчиликка бу даражада юксак эътибор бўлмаган. Ёрқиной Тўйчиева мисолида дўппидўзларга кўрсатилаётган муносиб эҳтиромдан эса дўппи тикмай қўйган аксарият дўппидўзлар яна игнаю ипагини қўлга олди. Биргина Ёрқиной опанинг кўплаб шогирдлари “Устоз, яна дўппидўзликни бошлаб юбордик”, дейишаётгани бунинг исботи. Улар ҳунармандчилик келажагини ўйлаган, ҳунармандларни эса элда обрўли қилишни кўзлаган муносиб номзодга овоз берганлари ҳам бежиз эмас. Зеро, Президентимизнинг сайловолди дастурида ҳунармандчиликнинг эртаси порлоқ экани аниқ акс этганди.

Бугун миллий юксалиш, миллий тикланиш йўлида эканмиз, миллий ҳунармандчилигимиз ҳаётимизнинг ажралмас қисми сифатида яшайверади. Айниқса, дўппига бўлган садоқатимизни фарзандларимиз кўз олдида намоён этишимиз керак.

Ривоятларга кўра, эркаклар дўпписининг юқори қисмидаги тўртта гул одамнинг соғлигини тўрт томондан ҳимоя қилар экан. Дўппи тикишда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос усули, йўналиши бўлса-да, тилаклар, мақсадлар муштараклиги аҳамиятли.

Сурхондарё ва Қашқадарё дўппилари, ёрқин иплари билан кўзни қувонтирса, Бухоро дўппилари зарлари билан жилоланади. Юртимизнинг қай гўшасида бўлмасин, дўппидек буюк саньат асарини бошида кўтариб юрганлар фақат эзгу мақсад билан яшаётгани аниқ. Дўппини азиз бошида азизу мукаррам қилишдан завқ оладиганлар кўпаяверсин!

Рост дўппилар,

Ёлғон дўппилар,

Киноларда қолғон дўппилар.

Чуст дўппилар,

Анжон дўппилар,

Мунчоқдек Марғилон дўппилар...

Бир пайтлар дўппининг бошларга оғирлик қилиб қолганини кўнгилда оғриниш билан шеърга солган Муҳаммад Юсуф бугун ҳаёт бўлганида...

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири