2021 йил ҳам барча учун алоҳида аҳамиятга эга йил бўлди. Aйниқса, биз — педагоглар учун янгиликларга бой, янгича кайфият улашувчи йил сифатида эсда қолди. Мен фаолият юритаётган Термиз шаҳридаги 11-мактаб 5 йилда бир марта бўладиган аттестация ва аккредитациядан муваффақиятли ўтиб, сертификатга эга бўлди. Муассасамизда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар сони икки баробар ортди.

Шунингдек, мактабимиз Халқаро баҳолаш дастури бўйича таянч мактаб сифатида эътироф этилди. Тренер ўқитувчилардан Зебо Мамараимова ўтказган вебинар дарс республикада даражасида баҳоланди. 4-синф ўқувчимиз Зуҳра Назарова “Камалак” болалар ижодиёти фестивалининг тасвирий санъат йўналиши бўйича 1-ўрин соҳибаси бўлди. “Темурбеклар” спорт ойлигида мактабимиз жамоаси беллашувнинг республика босқичида фаол иштирок этиб келди. Ҳа, буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан бўлган йўқ. Бунга жамоамизнинг аҳил-иноқлиги, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб фаолият олиб бораётгани сабаб бўлмоқда.

Байрам шукуҳи оила даврасида ҳам кенг нишонланмоқда. Узоқ йиллар кутилган орзумиз ушалди — ўғлим ўзи севган ва танлаган йўналиш бўйича ўқишга қабул қилинди. Ўртанча қизим Термиз давлат университетининг педагогика институтида янги иш бошлаган психология йўналиши бўйича магистратурага грант асосида қабул қилинди. Ота-она учун бундан ортиқ бахт, қувонч бормикан-а! Яна бир қувончли хабарни кенжатойимиз Сарварой туҳфа етди. У Россия Федерациясида ўтказилган нуфузли танловнинг диплом ва совғаларини қўлга киритди. Яқинда ўзим Термиз шаҳри ҳокимининг мукофоти — “Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси” номинацияси ғолиби бўлдим.

Ҳа, бугун ўқитувчи, умуман, инсон қадри улуғланаётган юртда яшаяпмиз. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Юртимиздаги янгиланишлар барчани севинтирмоқда. Жумладан, Сурхон воҳасидаги педагоглар янги йилни янгича шукуҳда кутиб олмоқда.

Дилбар НОРМУРОДОВА,
Термиз шаҳридаги 11-мактаб ўқитувчиси,
Халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгаши депутати,

шаҳар тарғибот гуруҳи раҳбари