Шу муносабат билан 2021 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими  ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид, “Илҳом” жамоат фонди директори Жамшид Ризаев танловнинг аҳамияти хусусида гапириб, ғолибларни қутлашди.

Танловга 100дан ортиқ ижодкорларнинг турли адабий йўналишлар бўйича 2021 йилда нашриётлар ва босма оммавий ахборот воситаларида нашр этилган янги асарлари келиб тушди. Бу адибларимиз самарали ижод қилганини, бугунги янги замонамиздаги улуғвор ўзгаришларга муносиб бадиий асарлар яратганини ва матбуотда кенг китобхонлар оммаси эътиборига ҳавола этганини намоён қилади.

2021 йилда эълон қилинган асарлар ичида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг 4 жилддан иборат насрий китоблари, ушбу китобга кирган романлари, қиссалари, ҳикоялари адабиётимиздаги улкан воқеа ҳисобланади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи ҳам адабиётимиздаги янги воқеадир. Рустам Мусурмоннинг рус, қорақалпоқ ва бошқа қардош тиллардан қилган таржималари адабиётимизда бадиий маҳорати етук яна бир таржимон пайдо бўлди, дейиш мумкин. Айниқса, рус шоираси Белла Ахмадуллинанинг шеърлари ва “Ёмғир ҳақида эртак” номли достони Рустам Мусурмоннинг таржимасида адабий воқеага айланди.

– Устоз Абдулла Шернинг “Танланган асарлар”ни 2021 йилда нашр этилган энг бадиий юксак шеърий китоб деб биламан, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Эшқобил Шукур. – Абдулла Шер ўз ижоди билан бизнинг авлод ва ёшларга устозлик қилиб келмоқда.

Танлов якунларига кўра, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг тўрт китобдан иборат насрий асарлари бош мукофот лойиқ кўрилди.

Абдулла Қодирий номидаги “Энг яхши насрий асар” мукофоти билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон “Алишер Навоий” романи учун;

Ҳамид Олимжон номидаги “Энг яхши шеърий асар” мукофоти билан таниқли шоир Абдулла Шер “Танланган асарлар” шеърлар китоби учун;

Абдулҳамид Чўлпон номидаги “Энг яхши таржима асари” мукофоти билан Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмоннинг рус, қорақалпоқ, қирғиз тилларидан таржима қилган шеърий китоблари, достон ва қиссалари учун;

Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги “Энг яхши драматик асар” мукофоти билан таниқли драматург Шароф Бошбековнинг драмалар ва киноқиссалардан иборат “Танланган асралар” китоби учун;

Абдурауф Фитрат номидаги “Энг яхши адабий танқидий ва публицистик тўплам” мукофоти билан адабиётшунос олим Нурбой Жабборовнинг Алишер Навоий ижоди, фаолияти ҳақидаги “Маоний аҳлининг соҳибқирони” тўплами учун тақдирланди.

2021 йилда фаол ижод қилиб, янги асарлари билан кенг адабий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган қуйидаги ижодкорлар:

          Соғинбой Иброҳимов “Брно дафтари” шеърлар тўплами Бердақнинг “Шажара” достони ва қорақалпоқлар тарихи” рисоласи учун;

Шукур Қурбон “Халоскорлик ёки Амир Темур имони” достони учун;

Баҳодир Қобул “Отачироқ” насрий асарлар китоби учун;

Шамсиддин Садоий “Бир кун сенга етарман” шеърий тўплами учун;

Жавлон Жовлиев “Қўрқма” романи учун;

Нодирабегим Иброҳимова Ҳерберт Уэллснинг “Дунёлар жанги” романи ва жаҳон адабиёти намуналаридан таржималари учун рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди.

Танлов ғолиблари ва рағбатлантирувчи мукофот совриндорларига “Йилнинг энг яхши асари” республика танловининг пул мукофотлари, статуэтка ва диплом тантанали равишда топширилди. Меҳмонларга эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган 400 дона китоб совға қилинди.

Фозил ФАРҲОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати раҳбари