Мисол учун, 2019 йил 4 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманининг Судочье кўли ҳудудидаги 278 гектар қамишзорда, 19 март куни Сирдарё вилоятида “Қолгансир ўрмон-ов хўжалиги” ҳудудининг 147,2 гектар майдонида, жорий йил 3 июль куни Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Зарафшон Миллий табиат боғи”нинг 1,5 гектар майдонида, 1 август куни Зомин тумани Ўриклисой ҳудудидаги майдонда ёнғин содир бўлган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, Зомин туманининг Ўриклисой ҳудудидаги тоғли масканда келиб чиққан ёнғин ҳудуд экотизимига ва табиатига катта зарар етказди. Тахминан 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган, бу дегани Зомин тоғларидаги кўп йиллик ноёб арчалар, доривор гиёҳлар, бир сўз билан айтганда катта ҳудуддаги наботот ва ҳайвонот оламига сезиларли зарар етди.

Бугунги кунда мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларларнинг умумий майдони 15,19 млн. гектар бўлиб, шундан Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи талабларига жавоб берадиган табиий ҳудудлар умумий майдони 3,753 млн. гектарни ёки Ўзбекистон ҳудудининг 8,4 фоизини ташкил этади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ўз-ўзидан ёнғин чиқмайди. Таҳлилларга кўра, 95 фоиз ҳолатда ёнғинлар инсон омили туфайли юзага келади, кимларнингдир оддий эҳтиётсизлиги, бундай ҳудудларга жуда яқин жойлашган ишлаб чиқариш ёки турар-жой объектлари қурилиши билан боғлиқ.

Ўзбекистон Экологик партияси бундай ҳолатларнинг барчаси мамлакатимиздаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳимоясини янада кучайтириш, бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни жиддий қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини билдиради. Биринчи галда бу 2004 йилда қабул қилинган “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонун бугунги кун талабига жавоб бермаётганидан далолат беради. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 ноябрдаги 506-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ўрмонларида ёнғин хавфсизлиги қоидалари”га риоя этилиши юзасидан таъсирчан назоратни амалга ошириш зарур.

Аввало муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар яқинида турли объектлар қурилиши, аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига қарши жиддий чоралар ишлаб чиқилиши, фавқулодда ҳолатлар содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларга қарши қатъий тақиқ қўйилиши зарур. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг чегаралари, ҳимоя ҳудудлари ва унгача бўлган захира майдонлари аниқ белгилаб чиқилиши керак.

Ёнғинлар содир бўлишига инсон омили сабаб бўлаётган экан, бундай ҳудудлар ёнғиннинг олдини олишга қаратилган белгилар, фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш, жумладан ёнғин кенг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш ҳақидаги кўргазмали материаллар  билан жиҳозланиши шарт.

Ҳар бир табиий ҳудудни кўз қорачиғидек асрашимиз, у ердаги ўт-ўландан тортиб юз йиллик дарахтларгача, чумолидан тортиб қўнғир айиқларгача – ҳамма-ҳаммаси бетакрор табиатимизнинг ноёб турлари эканини асло унутмаслигимиз керак. Бир турнинг табиатдан йўқолиши эса экотизим мувозанатига жиддий зарар кўрсатмай қолмайди.

Ўзбекистон Экологик партияси муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг дахлсизлигини таъминлаш ва она табиатнинг бундай ноёб масканларини қонун доирасида ҳимоялаш учун барча зарур чора-тадбирларни кўриш тарафдори эканини билдиради.

Ўзбекистон Экологик партияси