Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқи юртимиз ривожланишининг истиқболли йўналишларини белгилаб беришда муҳим ўрин тутади. Унда таълим тизимини такомиллаштиришга оид кўтарилган масалалар ҳам ўз мазмуни ва моҳиятига кўра кенг қамровли ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этади.

Бугунги глобаллашган дунёда ҳар бир жамиятнинг келажаги ёшларга, хусусан, болаларга боғлиқ. Мактабгача таълим даври боланинг шахс сифатида шаклланиши ва интеллектуал ривожланиши учун муҳим босқич ҳисобланади. Президентимиз ўз нутқида мактабгача таълим ташкилоти қамровини 80 фоизга етказишни ҳукумат учун устувор вазифа сифатида белгилади. Бу кўрсаткични таъминлаш учун 2025 йилда 252 та янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиши ва 174 таси таъмирланиши режалаштирилган.

Янги мактабгача таълим ташкилотлари барпо этилиши нафақат болаларнинг таълимга бўлган талабини қондиради, балки шу орқали ижтимоий фаровонликни янада оширишга эришилади. Айниқса, қишлоқ ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилоти ва мактаблар қамрови ошиши орқали шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги ижтимоий номутаносиблик тобора қисқариб бораётганига барчамиз гувоҳмиз.

Келажак авлодни етук қилиб тарбиялашда мактаб таълимининг ўрни беқиёс. Албатта, бу соҳада хусусий мактаблар қамрови кенгайиши эркин рақобат муҳитини шакллантиради. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари тадбиркорларга мактаб қуриш учун 20 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилишини, бунда кредит ставкасининг 13,5 фоиздан ошган қисми бюджетдан қопланишини билдирди.

Таълимга киритилаётган сармоя мамлакатнинг ижтимоий барқарорлиги ва сиёсий тараққиёти учун пойдевор яратади. Бу жаҳон тажрибасида ҳам аллақачон исботланган. Замонавий таълим тизими фақатгина билимли ёшларни эмас, балки маданиятли, ватанпарварлик ҳисси юқори, жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшадиган шахсларни тарбиялаши зарур. Зеро, бугунги дунёнинг талаби ҳам шу.

Айни ислоҳотларга барчамиз бирдек ҳисса қўшишимиз лозим. Айниқса, таълим соҳаси ходимлари бу борада асосий драйвер ҳисобланади. Замон кун сайин янгиланмоқда, демак, шунга мувофиқ равишда мамлакатимизда устоз-мураббийлар ҳам билимини, тажриба ва маҳоратини янгилаб бормоғи зарур. Бугун ўн йил аввалги методлар асосида дарс ўтиб, таълим бериш ўзини оқламайди. Айни дамда жаҳондаги илғор таълим тизимлари жараёнга сунъий интеллект имкониятларини кенг интеграция қилиш устида бош қотирмоқда. Шубҳасиз, кейинги ўн йилликда улар бу борада сезиларли натижаларни қайд эта бошлайди.

Ўзбекистон бу борада ортда қолмаслиги лозим. Айниқса, сунъий интеллектни таълим жараёнига жорий қилиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда ўқитувчилар ва мураббийлар учун замонавий технологияларни ўзлаштириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш устувор вазифалардан бири бўлиши керак. Бугунги кунда ўқувчилар учун фанларни ёдлаш эмас, балки уларни ҳаётда қўллай олиш кўникмасини шакллантириш муҳим. Бунда инновацион методика ва янги технологиялар катта ёрдам беради.

Замонавий дунёда мамлакатнинг кучли ва заиф жиҳатлари ёшлар, уларнинг билим ва малакаси орқали намоён бўлади. Таълим ислоҳотлари жараёнида ҳозирданоқ келажак авлод учун мустаҳкам пойдевор қўйсак, келгуси ривожланишнинг муваффақиятли бўлиши янада кафолатланади. Зеро, ёрқин келажакни билимли ва салоҳиятли ёшлар барпо этади.

Азизбек ҲАСАНОВ,

педагогик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент