Маълумки, юридик таълимда рақобатни ривожлантириш мақсадида 2020 йилдан бошлаб Наманган давлат университети, Самарқанд давлат университети ҳамда Термиз давлат университетларида ҳуқушунослик факультетлари очилиб, ҳуқуқшунос мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди.
Шунингдек, ноюридик мутахассислар орасидан халқ хўжалигининг турли соҳалари учун ҳуқуқшуносларни қайта тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Тошкент давлат юридик университети қошидаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази негизида Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ташкил этилди.
Айни пайтда марказда ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрлар малкасини ошириш билан бирга ТДЮУ Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ноюридик мутахассисларни 6 ойлик курсларда юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрламоқда.
Бундан ташқари, давлат ташкилотлари ҳамда адвокатлик тузилмалари, хўжалик юритувчи субъектлар учун халқаро арбитраж ва суд низоларини ҳуқуқий таъминлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6-апрелдаги “Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори билан ТДЮУ Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказига қатор қўшимча вазифалар ҳам юклатилди.
Қарорга кўра, марказ эндиликда ёш адвокатларни хорижий стажировкасини ташкил этиш билан ҳам шуғулланади.
Адвокатуранинг ёш мутахассислари учун хорижда стажировка ташкил этиш ТДЮУ Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази АҚШ ва Европа давлатлари адвокатлари профессионал бирлашмалари, масалан, АҚШдаги Америка юристлар уюшмаси (American Bar Assocation) ёки Франциядаги Париж адвокатлар палатаси (Barreau de Paris ) каби ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиши лозим. Чунки хорижий стажировка ёш адвокатларга хорижлик ҳамкасбларидан ўз соҳалари бўйича янги билим ва кўникмаларни ўрганиш имконини беради.
Стажировкадан қайтган ёш адвокатлар хориж адвокатлик тузилмалари иш фаолиятидан келиб чиқиб, уларнинг кучли ва кучсиз томонларини таҳлил қилган ҳолда ўзлари фаолият юритаётган адвокатлик тузилмалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, ёш адвокатлар хорижлик ҳамкасблари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, адвокатлик фирмалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириши ҳамда кейинчалик баъзи юридик ишларни биргаликда олиб бориши ҳам мумкин.
Ёш адвокатларга АҚШ, Европа ва Осиё давлатларининг йирик адвокатлик фирмаларига стажировкасини ташкиллаштириш ташаббуси, аввало, ёш мутахассислар учун халқаро тажриба билан танишиш, хорижий адвокатлик фирмалари ва Ўзбекистон адвокатлик тузилмалари ўртасида ўзаро фойдали хамкорлик ўрнатиш учун хизмат қилади.
Ихтиёр ТУРАБОЕВ,
Тошкент давлат юридик университети
катта ўқитувчиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори