Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллик байрами муносабати билан уюштирилган тадбирда Бош вазирининг ўринбосари Бекзод Мусаев, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ва Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевлар иштирок этди.
Маълумотларга кўра, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бутунроссия давлат кинематография институтига 8 нафар ёш ижодкорни юбормоқда.
Шунингдек, фестивал доирасида бу йил илк бор ташкил қилинган “Дебют” ёш киноижодкорларнинг сценарийлар танлови ғолиблари тақдирланди. Ҳакамлар ҳайъати танловга топширилган 78 нафар муаллииф сценарийлари орасидан 18 нафари саралаб олди ва ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланди. Эндиликда бу танлов доимий тарзда, грант лойиҳалари сифатида мунтазам ўтказилиши белгилаб қўйилди. Грант ютиб олган ижодкорлар эса, маблағлар эвазига албатта ўз фильмларини суратга олишлари имконияти пайдо бўлди.
Қолаверса, тадбирда Япониянинг нуфузли кино фестивалларидан бири “DigiCon 6 ASIA”га фильмлари номзод сифатида юборилган ижодкорлар ҳам тақдирланди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида суратга олинган қисқа метражли фильмлар рейтингини аниқлаш бўйича ижтимоий сўровнома ҳам ўтказилди. Унга жавобан ижтимоий тармоқлардан кўплаб овозлар, таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Фестиваль сўнгида мухлислар томонидан энг кўп овоз тўплаган қисқаметражли фильмлар ижодкорлари ҳам тақдирланди.