Чемпионатнинг илк кунида юнон-рум кураши усталари -60, -67, -72, -82 ва -97 килограмм вазндаги саралаш беллашувларида гиламга чиқди. 

Шиддатли баҳсларда ўзбекистонлик юнон-рум кураши усталаридан -60 килограммда Алишер Ғаниев, -72 килода Аброр Атабаев ва -82 килограмм оғирликда Самандар Бобоназаров ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. 

60 килограммда ҳамюртимиз Алишер Ғаниев илк курашда германиялик Георгиос Скарпеллони (9:0) енгди. Кейинроқ руминиялик Денис Михаини 8:0, чорак финал босқичида украиналик Богдан Хришинни 11:2 ҳисобида доғда қолдирди. 

У ярим финал босқичида Озарбайжон терма жамоаси аъзоси Ниҳад Гулузадени 9:0 ҳисобида таслим этиб, финалга йўл олди. 

Бугун, 22 октябрь куни Ғаниев чемпионатда бетараф спортчи сифатида иштирок этаётган россиялик Динислам Бамматов билан рўбарў келади. 

Кун давомида шунингдек, юнон-рум кураши вакиллари -55, -63, -77, -87, -130 кило оғирликдаги саралаш беллашувларида ўз омадларини синовдан ўтказади. 

Эслатиб ўтамиз, 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари 27 октябрга қадар давом этади.