Икки йилда бир марта Милан Одегнал номидаги Чехия Республикаси Физика жамияти Милан ёш физиклар учун энг яхши илмий ишлар танловини эълон қилади. Танловда Чехияда ишлайдиган, 30 ёшгача бўлган, физиканинг барча соҳалари бўйича илмий ишлар муаллифлари ёки Чехия университетларининг битирувчилари иштирок этишлари мумкин.

Танловга сўнгги беш йил ичида нашр этилган ёки нашрга қабул қилинган физиканинг барча йўналишлари бўйича учтагача илмий ишлар қабул қилинади. 2020 йилги Милан Одегнал биринчи даражали мукофоти «Қора туйнуклар физикасининг назарий тадқиқоти учун» ф.-м.ф.д. Арман Турсуновга берилди. Иккинчи ва учинчи даражали мукофотларга Прагадаги Чарлз университети, Барселонадаги Фотоника фанлари институти, Чехия Фанлар академиясининг Физика институти, Прагадаги Чехия техник университети ва Оломоутсдаги Палатски университети ёш олимлари сазовор бўлдилар.

Расмий тақдирлаш маросими 2020 йил 9 cентябрда Чехия ва Словакия физикларининг Прагадаги 20-анжуманида, Чарлз университети биносида ўтказилиши режалаштирилган.

Аввалроқ, 2018 йилда Арман Турсунов юқори энергия астрофизикаси соҳасидаги изланишлари учун Чехия Республикаси Таълим, Ёшлар ва Спорт вазирлиги олий мукофотига сазовор бўлган эди. Соврин Чехия парламенти Сенатида топширилган. У шунингдек, ўз илмий изланишлари учун 2015 йилда у ёш олимлар ва мутахассисларнинг йиллик конференциясида назарий физика бўлимидаги маърузаси учун Дубна (Россия) қўшма ядро тадқиқотлари институти мукофотига, 2016 йилда Олденбург (Германия) да ўтказилган илмий-тадқиқот гуруҳининг иккинчи даражали мукофотига ҳамда бошқа мукофотларга сазовор бўлган.

2019 йилда Арман Турсунов докторлик диссертациясини 28 ёшда ЎзР ФА Ядро физикаси институти қошидаги илмий кенгашда ёқлаган.

Бундан олдинги Милан Одегнал биринчи даражали мукофоти 2018 йилда ЎзР ФА Астрономия институти етакчи илмий ходими, фалсафа доктори Бобур Тошматовга берилган. Бундан ташқари, у SCOPUS томонидан 2019 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши ёш олими деб тан олинган.