Ушбу учрашув нафақат навбатдаги сиёсий тадбир, балки ёшлар сиёсатида янги босқични бошлаб берган стратегик қарорлар майдони сифатида аҳамият касб этди.
Ёшлар сиёсатида тизимли ёндашув
Президент ташаббуси билан ҳар пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” ўтказилиши белгилаб қўйилди. Бу қарор ёшлар муаммоларини жойида ўрганиш, улар билан бевосита мулоқот қилиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилади. Энди ҳар бир давлат ташкилоти ёшлар билан ишлашни устувор вазифа сифатида қабул қилади.
Шунингдек, ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиши ёшларнинг ғояларини амалга ошириш учун институционал асос яратади. Бу марказлар орқали бизнес-режа тузиш, ҳуқуқий маслаҳат олиш, молиявий ресурсларга чиқиш имконияти кенгаяди.
Ёшлар тадбиркорлиги – иқтисодий драйвер
Учрашувда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди. Бу катта молиявий пакет ёшларнинг бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган.
Кредит миқдорларининг кескин оширилиши эса ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади:
· Ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит 300 миллион сўмгача;
· Ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача;
· Фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганлар учун 2 миллиард сўмгача;
· 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача маблағ ажратиш имконияти яратилди.
“Келажак тадбиркори” дастури доирасида 7 йилга 15 фоизли кредитлар, энг яхши битирувчиларга 7 фоизли имтиёзли ссудалар берилиши белгиланди. Бу механизм ёшлар бизнесини узоқ муддатли ва барқарор ривожлантиришга қаратилган.
Инновация ва стартапларга кенг йўл
Инновацион стартапларга 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши мамлакатимизда венчур муҳитини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. “Ўсиш ва ривожланиш” лойиҳаси доирасида энг яхши 40 та стартапга 2 миллиард сўм ажратилиши, техникумларда стартаплар яратишга молиявий ёрдам кўрсатилиши инновацион иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг амалий ифодасидир.
“Янги авлод тадбиркорлари” дастурида Гарвард ва Стенфорд каби нуфузли хорижий олийгоҳлар ҳамкорлигида 40 минг ёшни ўқитиш режалаштирилгани ёшларнинг глобал билим ва тажрибага эга бўлишини таъминлайди.
Таълим ва касб – мустаҳкам пойдевор
“Менинг биринчи касбим” дастури орқали олийгоҳ битирувчиларига стажировка даврида ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўланиши, “Work and travel” дастури орқали техникум ўқувчиларига хорижда ишлаш имконияти яратилиши ёшларнинг меҳнат бозорига тайёрлигини оширади.
Шунингдек, ҳар бир туманга касб-ҳунар лабораториялари ташкил этиш учун 500 миллион сўмгача ссуда ажратилиши, хусусий ўқув марказларини қўллаб-қувватлаш бўйича солиқ имтиёзлари берилиши таълим инфратузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ижтимоий ҳимоя ва маънавий қўллаб-қувватлаш
Ёш оилалар учун ипотека кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми давлат томонидан қоплаб берилиши уй-жой масаласида муҳим енгиллик яратади.
“Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали истеъдодли ёзувчиларга ойига 20 миллион сўмдан ҳақ тўланиши, энг фаол китобхон ўқувчиларга мукофотлар берилиши маънавий тараққиётга қаратилаётган эътибордан далолат беради.
Шу билан бирга, “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармасига ҳар йили 62 миллиард сўм ажратилиши ва энг яхши лойиҳаларга грант берилиши ёшларнинг фуқаролик фаоллигини оширади.
“Иккинчи имкон” – ҳаётни қайта бошлаш имконияти
Жазони ўтаб бўлган ёшларни замонавий IT-касблар ва хорижий тилларга бепул ўқитиш ташаббуси ижтимоий адолат ва инклюзив ривожланиш тамойилларининг амалий ифодасидир. Бу лойиҳа орқали ёшлар жамиятга тўлиқ интеграция қилинади.
Президент ташаббуслари мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу қарорлар ёшларни фақат ижтимоий ҳимоя объекти сифатида эмас, балки иқтисодий, интеллектуал ва маънавий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кўраётган давлат сиёсатининг ифодасидир.
Ёшларга яратилаётган имкониятлар – Янги Ўзбекистоннинг келажагига киритилаётган энг муҳим инвестициядир.
Дониёрбек Ғуломов,
Фарғона давлат университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)