Мамлакатимизда ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, орзу-умидлари, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини ошириш орқали бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, “Ёшлар дафтари” айни шу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Айтиш жоизки, 2021 йилнинг январь ойида ўтказилган хатлов ва ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари”га ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган 591 минг 13 нафар ёш киритилди. Улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилди.

Бундай йигит­қизларни қўллаб­қувватлаш учун ҳар бир туман (шаҳар)да молиявий манбалари аниқ белгиланган алоҳида “Ёшлар дафтари” жамғармалари ташкил этилди. Уларда моддий кўмакка йўналтириладиган 231,8 миллиард сўм маблағ шакллантирилди. Чора­тадбирлар натижасида айни пайтгача 560 минг 385 нафар (94 фоиз) йигит­қиз “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.

Мазкур дафтар ҳаётга татбиқ этилиши билан эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин­қизлар ва ёшлар турмуш тарзида туб ўзгаришлар юз берганига барчамиз гувоҳмиз. Қуйида бандлиги таъминланиб, ҳаётда ўз ўрнини топган қизларнинг фикр­мулоҳазалари билан танишишингиз мумкин:

Айгул ДАДЕБОЕВА, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани:

— Бу йил ҳаётимнинг янги саҳифаси бошланди, десам адашмаган бўламан. Сабаби, мактабни битириб, олий таълим муассасасига ўқишга кира олмаганим етмаганидек, ҳунарсиз ҳам эдим. Ёшлигимдан тикувчиликка қизиқишим баланд бўлган, лекин тикув машинасини олишга қурбимиз етмас эди. “Ёшлар дафтари”га киритилишим ва субсидия асосида тикув машинасини олишим ҳаётимда туб бурилиш ясади. Бу эса, ўз навбатида, ўзимда катта куч, зиммамда катта бир маъсулиятни ҳис қилишимга сабаб бўлди.

Ҳозир тикувчилик билан шуғулланиб, ҳафтасига беш юз минг, ойига икки миллион сўмдан ортиқ даромад топяпман. Тўғри, бу унча кўп эмас, лекин олдимда турган катта мақсадлар, янги режаларни амалга ошириш йўлида рағбатлантирувчи омил вазифасини ўтаяпти. Тажрибамни яна ошириб, тикувчилик касбининг янги қирраларини кашф этиб, фаолиятимни кенгайтиришни мақсад қилганман. Шунингдек, маҳалламиздаги тикувчиликка қизиқиши юқори қизларга билганларимни ўргатмоқдаман.

Диёра  МУХТОРОВА, Сирдарё вилояти Сардоба тумани:

— “Темир дафтар”, “Aёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ташкил этилгани айниқса, чекка ҳудудларда ўз натижасини бермоқда.

“Ёшлар дафтари”га киритилганим боис, Ёшлар ишлари агентлиги Сардоба туман бўлими кўмагида тадбиркорлик ўқув курсларида ўқиб, сертификат олдим. Сўнг банкдан ёшларга берилаётган имтиёзли кредитдан фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўйдим. Aсаларичилик йўналишида иш бошлаб, ўзим ва укамнинг бандлигини таъминладик. Ҳозир оиламизга қўшимча даромад келтириш билан бирга, халқимиз дастурхонига ўзимиз етиштирган табиий асал етказиб бермоқдамиз.

Бундан оила аъзоларим ҳам хурсанд. Келажакда фаолиятимни кенгайтирмоқчиман. Aсални қайта ишлаш цехини қуриш ниятим бор.

Дилрабо  РАВШАНБЕКОВА, Жиззах вилояти Янгиобод тумани:

— 2019 йилда мактабни тамомлаганимдан сўнг олий таълим муассасаcига ҳужжат топширдим. Лекин ҳеч омадим келмади. Ўтган йили ноябрда уйимизга маҳалла фуқаролар йиғинидан вакиллар келиб, қизиқишларим, келгуси режаларим ва ўз йўлимни топишим учун нима ёрдам кераклиги ҳақида сўрашди. Бу мен учун фавқулодда ҳайратланарли воқеа эди. Кейин билсам, менга ўхшаган ёшларга кўмаклашиш, тўғри йўл кўрсатиш мақсадида “Ёшлар дафтари” жорий этилган экан.

“Ёшлар дафтари”га киритилдим. Шунда олдимга аниқ мақсад қўйишим кераклигини англадим. Чунки энди ёлғиз эмасдим. Қадамим дадиллашди, мақсадим ойдинлашди.

Ҳаммаси шундан кейин жадаллашиб кетди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ёрдам сўраб Ёшлар ишлари агентлигига мурожаат қилдим. Агентлик кўмагида тадбиркорлик курсида ўқидим. Шу йил март ойида менга Халқ банки 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратди. Бу пулга 4 та тикув машинаси ва керакли анжомларни харид қилиб, тадбиркорликни йўлга қўйдим.

Сўнгги олти ойда ўзимга ўхшаб айни дамда қийналиб қолган, “Ёшлар дафтари”га киритилган 3 нафар қизни ҳам иш билан таъминладим.

Ўтган йилнинг шу кунлари кимдир менга “Келгуси йили катта натижаларни қўлга киритасан”, деса ишонмасдим. Ҳозир ойига ўртача 5­6 миллион сўм даромад топаман. Бугун илгари орзу қилган ҳамма нарсам бор.

 Ҳилола  НАМОЗОВА, Бухоро вилояти Вобкент тумани:

— Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий жараёнларда бошқалар қатори тенг ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт­шароит мавжуд.

Менинг ҳам имкониятим чекланган. Шунга қарамай, тикувчилик билан шуғулланиб келяпман. Фаолиятимни кенгайтириш ва патдўзликка мўлжалланган тикувчилик машинаси олиш учун Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлимига мурожаат қилдим. Бўлим томонидан 3,5 миллион сўм маблағ ажратилди. Унга тикув машинаси харид қилиб, айни пайтда оиламизга иқтисодий жиҳатдан кўмакл ашиш билан бирга, маҳалламиздаги тенгдошларимга касб­ҳунар ўргатяпман.

Президентимиз томонидан барча ёшларга, жумладан, мен каби имконияти чекланганларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани кўксимни ғурурга тўлдирди. Келгусида имконияти чекланган ёшлар учун ўқув маркази очишни режалаштиряпман.

“Янги ўзбекистон” мухбири

Рисолат Мадиева тайёрлади.