Марғилон шаҳридаги Наврўз МФЙ ҳудудида янги ташкил этилаётган ''Ёшлар'' кичик саноат зонасида улкан бунёдкорлик ишлари авжида. Майдони 4.0 гектарни ташкил этадиган ушбу кичик саноат зонасида 22 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг ишга туширилиши натижасида 850 дан ортиқ ишчи ўрни яратилиб, бир йилда 92,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда барча лотларда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Хусусан, 4 та лот бўйича асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, пардозлаш ишлари амалга ошириляпти. 12 та лотда том ёпиш ишлари бошланган. Шунингдек, 2 та лойиҳа эгалари томонидан ишлаб чиқариш дастгоҳлари олиб келиниб, монтаж ишлари олиб борилмоқда. “Жаҳон ичра” оилавий корхонаси ҳам шулар жумласидан. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлиб, корхонада катталар ва болалар учун мавсумий пайпоқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

— Шаҳардаги “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га рўйҳатга олинган 20 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлашни мақсад қилганмиз, — дейди корхона раҳбари Шаҳноза Сулаймонова. — Ҳозирги кунда хориждан келтирилган замонавий дастгоҳларда иш олиб боряпмиз. Маҳсулотларимизни нафақат ички бозорга, балки хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилиш мақсадидамиз.

Абдуманноб МАНСУРОВ,

Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари