Учрашув талаба-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш, турли ёт иллатлардан асраш ҳамда миллий ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.

Унда олийгоҳ раҳбари мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган кенг имкониятлар, хусусан, университетда талабаларнинг пухта билим олиши ва муносиб шароитларда яшаши учун яратилган қулайликлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, уларнинг тарбиявий жараёнлардаги фаоллиги, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиши, маънавий етук ва масъулиятли шахс бўлиб камол топиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

— Бугунги глобаллашув шароитида ёшлар жамиятда етук шахс сифатида муносиб ўрин эгаллаши ва рақобатбардош бўлиши учун нафақат ўз мутахассислиги бўйича чуқур билимга, балки хорижий тилларни ҳамда ахборот технологияларини мукаммал эгаллаши, юксак одоб-ахлоқ ва мустаҳкам маънавий қадриятларга эга бўлиши зарур, — дея таъкидлади Андижон давлат университет ректори Бахтиёржон Акбаралиев.

Учрашув давомида талаба-ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва турли салбий иллатлардан асраш масалалари юзасидан билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазалар атрофлича муҳокама қилиниб, келгусида таълим муассасаси, ота-оналар ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигида профилактик ишларни тизимли ва самарали йўлга қўйиш бўйича ўзаро келишувга эришилди.

Андижон давлат университети Матбуот хизмати

Ҳамкорлик материали