Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида билим олаётган ўқувчиларнинг юқори натижаларга эришаётганларида шу ерда фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг ҳиссалари каттадир. Жумладан, лицейнинг «Мусиқа назарияси» кафедраси томонидан ҳар ўқув йилида белгиланган дастур ва режалар асосида «Фан ойлиги» ўтказиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг апрель ойи «Мусиқа назарияси» кафедрасида «Фан ойлиги» деб белгиланди. Мазкур ойда кафедра мудирлари Гулнора Ташпўлатова ва Нодира Ҳайдарова бошчилигида ўқитувчилар Зарина Ҳодиева, Дилдора Камолова, Улуғбек Жалолов ҳамда Гулхумор Aбдусаматовалар лицейда таҳсил олаётган 378 нафар ўқувчиларнинг мусиқий-назарий билимлари савиясини синовдан ўтказиш ҳамда битирувчи ўқувчиларни давлат имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида «Фан олимпиадаси» ни олиб бордилар.

Олимпиада доирасида барча ўқувчилар иштирокида «Мусиқа адабиёти» ҳамда «Мақом алифбоси» фанларидан тест саволлари ва мусиқий викторина, «Солфеджио» фанидан мелодик диктант ҳамда 1 ва 2 овозлик мисоллар куйлаш, «Мусиқа назарияси» фанидан мисоллар ечиш, шунингдек, «Гармония» фанидан тест саволлари, секвенция ҳамда каденциялар чалиш беллашуви бўлиб ўтди. Беллашув ўқувчилар учун қизиқарли тус олиб, 378 нафар ўқувчилар орасидан 65 нафари фахрли ўринларни эгалладилар. Шунингдек, РИМAЛ кутубхонасида Зарина Ҳодиева ва Нодира Ҳайдарова бошчилигида Мусиқа назарияси кафедраси томонидан мусиқа адабиёти фани бўйича интерфаол дарс ташкил етилиб, 6-7 синф ўқувчилари учун қизиқарли маъруза ўтказдилар. Энг юқори натижаларни қўлга киритган ўқувчиларни муносиб рағбатлантириш, шунингдек, кафедранинг «Фан ойлиги» якуни натижаларини эълон қилиш мақсадида 29 апрель санасида лицейнинг фаоллар залида «Тақдирлаш концерти» бўлиб ўтди.

«Мусиқа назарияси» кафедраси ўқитувчилари Сурайё Aбдумаликова, Наталия Чаплигина, Улуғбек Жалолов, Зарина Ҳодиева ва Гулхумор Aбдусаматова томонидан тайёрланган чиқишлар концерт дастуридан ўрин олди. Хормейстер Сурайё Aбдумаликова ҳамда жўрнавоз Наталия Чаплигиналар бошчилигида 5-6 синф ўқувчиларидан ташкил топган лицейимизнинг хор жамоасининг Дилором Омонуллаева мусиқаси, Тоҳир Муллабоев сўзи билан «Туркистон фарзандларимиз» номли қўшиғи тадбирни кўтаринки руҳда очиб берди. Шунингдек, Надим Норхўжаев мусиқаси билан «Диёр мадҳи» ва «Она ер таронаси» қўшиқлари ижро етилиб, тингловчиларга манзур бўлди. Тадбир давомида ўқитувчи Улуғбек Жалоловнинг фортепиано чолғусида Рамазон ойига бағишлаб ёзилган «Рамазон таронаси» номли муаллифлик асарини маҳорат билан ижро етилиб, тингловчилар томонидан олқишлар билан илиқ кутиб олинди.

6-синф ўқувчиларининг «Мақом алифбоси» фанига бағишланган чиқишлари иштирокчиларда ўзгача таассурот қолдирди. Концерт бир-биридан ўзгача чиқишлар билан қизғин тус ола бошлади. Жумладан, 6 синф ўқувчилари Маҳкамбоев Ёқубжон ва Шукуров Муҳаммаджонлар ижросида «Рақс» куйининг фортепиано ва доира жўрлигидаги ижроси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси, ўқитувчи Зарина Ҳодиева томонидан фортепиано чолғусида янграган жозибали “Aския» номли муаллифлик асари залда ўтирган томошабинлар кўнглидан жой олди. Шундан сўнг, 5-9 синф ҳамда II ва IV босқич ўқувчилари лицейнинг мусиқа бўлими директор ўринбосари Қадам Исмоилов ва Мусиқа назарияси кафедраси мудири Гулнора Ташпўлатова томонидан тантанали равишда дипломлар билан рағбатлантирилди.

Тадбир якунида миллий мумтоз мусиқамизни улуғлаб, бир қатор чиройли чиқишлар намойиш этилди. Шулар қаторида Навоий ғазалига ёзилган «Кўрмадим» мумтоз ашуласининг замонавий Европа чолғуларида чалиниши мумтоз мусиқага замонавий қараш сифатида намоён бўлди.

Гулхумор АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Миллий гвардияси тасарруфидаги

Республика ихтисослаштирилган мусиқа

академик лицейи ўқитувчиси