Бироқ коронавирус пандемияси сабаб AIBAнинг навбатдаги онлайн йиғилишида ижроия қўмита аъзоларининг таклифи ҳамда Польша бокс федерацияси мурожаати оқибатида ушбу чемпионат 2021 йилга қолдирилди.
— Жаҳон чемпионатининг қолдирилганлиги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун кутилмаган ҳол бўлди. Спортчиларимиз карантин талабларига риоя қилган ҳолда уй шароитида чемпионатга жиддий ҳозирлик кўришаётганди. Мураббийларимиз ҳар куни икки маҳалдан шогирдлари билан онлайн машғулотлар ўтказишаётганди. Албатта, спортчиларимизнинг саломатлиги биз учун энг муҳим масала. Афсуски, бундан уч ой муқаддам карантин чоралари жорий этилгач, Ўзбекистон бокс федерацияси мураббийлар кенгаши билан биргаликда ҳар бир спортчи учун алоҳида тайёргарлик режасини ишлаб чиқиб, катта мақсадларни кўзлагандик. Энди барчасини яна бошқача тарзда ташкил этишимиз керак бўлади, — дейди ёшлар ўртасида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Бекзод Хидиров.
Ўзбекистон бокс федерация сайтида келтирилган маълумотга кўра, жаҳон чемпионати келаси йилннг 10-24 апрель кунлари ўтказиладиган бўлди.
Қайд этиш лозимки, кейинги йили Польшада ўтадиган жаҳон чемпионатида 2002 йилнинг 1 январидан 2003 йилнинг 31 декабри оралиғида таваллуд топган ёш боксчилар иштирок этишади.
Тўлқин РЎЗИЕВ.