Шу ўринда, ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижаларини рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 майдаги 294-сон “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шу маънода табиий бир савол туғилади: “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” қандай ҳудуд ва у нима учун мўлжалланган?

Ўз навбатида, “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” – тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ёшлар бандлигини, энг аввало
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва ёш тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган махсус ҳудуд ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, ёшлар саноат зоналарининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва юритишлари учун Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш;
  • ёшларга уларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳалари, ташаббуслари ва ғоялари амалга оширилишида кўмаклашиш
    ва қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • “стартаплар” ташкил этиш мақсадида бизнес-инкубатор вазифаларини амалга ошириш, ёш тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини барқарор ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш;
  • ёшларга ўз инновацион ишланмаларини ишлаб чиқариш жараёнига жорий этиш ва натижаларини тижоратлаштириш, йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш борасида амалий ёрдам кўрсатиш;
  • банд бўлмаган, шу жумладан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш.

Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида тўхташ лозимки, ёшлар саноат зоналари фақат муҳандислик-техник коммуникациялари мавжуд бўлган ёки ўтказиш осон бўлган, фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари
ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган
ер майдонларида ташкил этилади. Ёшлар саноат зоналарига жойлаштириш учун инвестиция лойиҳалари туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан танлаб олинади.

Шунингдек, ишчи гуруҳларнинг баённомасига асосан Ёшлар саноат зоналари ҳудудида майдони 1000 м2 гача бўлган ер участкалари истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, шаҳар (туман) ҳокимларининг қарори билан ажратилади.

Билиб қўйган яҳши: ёш тадбиркорлик субъекти томонидан инвестиция лойиҳаси Ёшлар саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган кундан бошлаб уч ой давомида лойиҳани амалга ошириш бўйича чоралар кўрилмаслиги, шунингдек, ишлаб чиқариш майдонлари ва (ёки) ер майдонларидан уларга доир узоқ муддатли ижара шартномада кўрсатилган мақсаддан ташқари фойдаланилиши ажратилган ер майдони ёки ишлаб чиқариш майдонларини қайтариб олиш учун асос бўлади.

Бундан ташқари, ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб қувватлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида
Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

  • ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш;
  • мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик, замонавий қурилиш материаллари, ҳунармандчилик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;
  • маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш.

Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 майдаги 294-сон “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам бугунги кунда ёшларга бўлган эътибор ва рағбат, имконият ва имтиёзлар бериш билан бир қаторда уларнинг билими, иқтидори, салоҳияти, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш йўлидаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди десак муболаға бўлмайди.

А. Аҳмедов,

Адлия вазирлиги масъул ходими