Шу йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан Ёшлар ижод саройида ўтказилган брифингда мазкур акциянинг аҳамияти, ўтказиш тартиби, йўналишлари хусусида маълумот берилди. Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи мутасаддилари, спортчилар, ёш сайловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисмини ёшлар ташкил этиши, шу боис уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бу йил мамлакатимизда ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён — Президентлик сайловида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳим аҳамият касб этиши, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу акция ёшларнинг сайлов билан боғлиқ билимларини ошириш, уларнинг мазкур сиёсий жараёнга нисбатан масъулиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.   

Тадбирда сўз олган XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби, моҳир боксчи Баҳодир Жалолов олимпиада таассуротлари ҳақида гапириб, бугун мамлакатимизда ёшларга, спортга қаратилаётган эътибор туфайли ёш авлод вакиллари жаҳон спорт майдонларида яхши натижаларни қайд этаётганини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар уларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликка жавобан мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилиши, хусусан, бу йилги муҳим сиёсий жараён — Президентлик сайловида ҳар бир ёшнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.     

Тадбирда мазкур акция доирасида Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказиладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, мазкур акция доирасида yoshsaylovchi.uz веб-сайти электрон платформаси ташкил этилади.        Мазкур платформа ёшларга интернет тармоқлари орқали сиёсий соҳалар ва тизимларга оид сўнгги маълумотларни ҳамда ахборотларни доимий равишда асосли тарзда етказиб бериш мақсадида ташкил этилади. Бунинг учун платформа тўғрисида йўриқнома ишлаб чиқилади, дастурчи мутахассислар лойиҳага жалб қилиниб, улар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилади. Платформада тақдим этиладиган ҳар бир ахборот ва янгиликларнинг асосли ва ҳаққонийлиги назорат қилинади. Мазкур платформа интернет тармоғи фойдаланувчилари, асосан ёшларни сиёсий ва ижтимоий соҳадаги ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада ривожлантириш имконини беради.    

Шунингдек, мазкур акция доирасида қуйидаги лойиҳалар ҳам амалга оширилиши белгиланган:

— ойлик доирасида тарғибот-ташвиқот ишларини намунали тарзда ташкил этиш мақсадида “Ёш тарғиботчилар” гуруҳини шакллантириш;

— тарғибот гуруҳи аъзоларининг ижтимоий-сиёсий билимларини ривожлантиришга қаратилган  ўқув-семинарлар ташкил этиш;

— тарғибот гуруҳи аъзоларининг сиёсий билимларини ривожлантиришга қаратилган  онлайн семинар (вебинар)лар ташкил этиш;

— Президентлик сайловларида биринчи маротаба иштирок этувчи 18 ёшга тўлган ёшлар ўртасида “Мен ҳам сайловда иштирок этаман” тарғибот тадбирларини ташкил этиш;

— ижтимоий тармоқларда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий билимларини ривожлантиришга қаратилган ютуқли викториналар ташкил этиш;

— “Сайлов – 2021: Келажак халқ танловига боғлиқ!” мавзусида мақолалар танловини ўтказиш;

— турли касб эгалари иштирокида #Келажагинг учун овоз бер, #Менинг овозим — менинг келажагим! ҳештеглари остида ижтимоий тарғибот аксиясини ўтказиш;

—  ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини аниқлашга қаратилган “Сиз биласизми” телеўйинини ўтказиш;

— биринчи маротаба сайловда овоз берувчилар учун “Мен сайловга тайёрман” номли ўқув-қўлланма нашр қилиш ҳамда ёшлар ўртасида тарғиб қилиш;

— профессионал таълим муассасаларидаги ёшлар ўртасида “Ўз келажагимни ўзим белгилайман – Сизчи?” шиори остида иншолар танловини ўтказиш;

— “Янги Ўзбекистон сайловлари ёшлар нигоҳида” халқаро илмий-амалий конференсиясини ўтказиш.

 Брифингда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи томонидан мазкур акцияни ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилаётгани, мазкур жараёнда ёшларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.