Ҳабибулла Акбаров қарийб 70 йилдан буён республика геология соҳасида фаолият олиб бораётган фидоий олимдир. Илк меҳнат фаолиятини Ўрта Осиё геология ва минерал хомашё илмий-тадқиқот институтининг геология-қидирув бўлимида лаборант лавозимида бошлаган. Ўрта Осиё геология ва минерал хомашё илмий-тадқиқот институтининг аспиранти сифатида илмий фаолият олиб борган.

Ҳабибулла Акбаров 1992 йили Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида геология ва тоғ-кончилик ўқув-илмий ишлаб чиқариш марказини тузиш ва унга раҳбарлик қилиш учун университет ректори муовини лавозимига ишга таклиф этилди ва бу ерда 1996 йилга қадар фаолият юритди. Бу даврда у ўзининг асосий мақсади қилиб, соҳа бўйича илмий тадқиқот ишларни ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, янги институтлараро лабораториялар комплексини ташкил қилиш ва улардан ҳамкорликда фойдаланиш, лаборатор тадқиқот ишларига иқтидорли талабаларни жалб қилиш ва шунинг асосида ўқув жараёнининг сифатини ошириш, замон талабига жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлашдек катта ишларга қўл урди. Ўша даврда олимнинг саъй ҳаракати туфайли 20 га яқин аспирант ва ўқитувчилар илмий-тадқиқот ишларини тугаллаб, номзодлик ва докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Ҳабибулла Акбаров бой тажрибаси, кучли билими, иш ва соҳага садоқати, меҳнатсеварлиги туфайли Олий таълим тизимига янгидан жалб қилинди. У 2001 йил Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида “Фойдали қазилма конлари геологияси, қидирув ва разведкаси” кафедраси мудири сифатида иш бошлади ва кафедрани 2007 йилга қадар самарали бошқарди. Ҳозирги кунда шу кафедрада профессор лавозимида талабаларга таълим, илмий изланиш олиб бораётган ёш мутахассисларга тадқиқот ишларида кўмак бериш ва уларнинг илмий ишларини ҳимоя қилишларида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.

Соҳадаги кўп йиллик фидокорона хизматлари учун олим бир қанча орден ва медаллар билан тақдирланган.

Етук олим сифатида Россия Федерацияси Табиий Фанлар академиясининг чет эллик аъзоси, Халқаро Муҳандислик Академиясининг мухбир-аъзолигига сайланган. Олимнинг номи Америка биография институтининг “Выдающиеся деятели” Халқаро каталогига киритилган.

— Президентимиз томонидан сўнги йилларда илм соҳаси ва унинг вакилларига, айниқса, геология йўналишига қаратаётган эътибор, бу ушбу соҳанинг янгидан куртак ёзиб, унинг ривожланишида муҳим омилдир, — дейди Ҳабибулла Акбаров.

Ҳабибулла Акбаров малакали мутахассис сифатида Ўрта Осиёнинг генетик, структуравий-геологик ва саноат турлари жиҳатидан ҳар хил бўлган маъдан майдонларида ва конларида ўтказилган дала изланишларида қатнашди. Ўрта Осиёнинг йирик тадқиқотчилари раҳбарлигида Қўйтош, Чорух-Дайрон (ҳозир Хамробод), Сумсар, Октуз, Олтинтопган, Ҳайдаркон, Қадамжой, Қўрғошинкон ва бошқа маъдан конларини ўрганди. У қатнашган тематик гypyҳ аъзолари томонидан бир неча йиллик қидирув ва дала ишлари даврида Марказий Осиё Республикалари халқ хўжалиги ва иқтисодиётининг ривожланиши учун муҳим бўлган, маъданларнинг геологик-структуравий жиҳатдан жойлашиш шароитларини аниқловчи далилий хужжатлар йиғилди. Бундай тадқиқотлар, қидирув учун истиқболи катта бўлган, майдонларни аниқ ажратиш ва маъданлашишини баҳолаш имконини берадиган, башоратлашнинг мукаммал структуравий харитасини тузиш билан якунланди. Изланиш натижалари амалий ишларда фойдаланиш учун ишлаб чиқариш корхоналари мутахассисларига берилди.

Ҳабибулла Акбаровнинг олим сифатида шаклланишида ҳар хил даврларда раҳбарлик қилган Ўрта Осиё минерал хомашё илмий-тадқиқот институти олимлар жамоасининг ўрни каттадир. У етук олимлар билан ҳамкорликда ҳар хил турдаги маъдан майдонларининг литологик, петрографик, тектоник ва структуравий хусусиятларини мукаммал ўрганди. Олимнинг изланишлари маъдан конларининг пайдо бўлиш шароитлари ва жойлашиш қонуниятлари билан боғлиқ бўлган жуда кенг масалаларни ўз ичига олади. У Ўрта Осиё маъданли структуралар геологияси мактабининг муносиб вакили сифатида маъдан структураси геологияси бўйича изланишлар олиб бориб, ўзининг кон ва маъдан майдонларининг структурасини ўрганиш усулини таклиф қилди.

Ҳабибулла Акбаров томонидан Марказий Осиёда фойдали қазилма конларининг структуравий шаклланиш шароитлари ва жойлашиш қонуниятлари аниқланди, уларнинг яхлит бир тизими шакллантирилди, геологик-структуравий ҳолатлар ва маъданлашишнинг шаклланишини белгиловчи геологик омиллар ва уларнинг кўлами кенг тадқиқ қилинди, маъданли майдонлар ва конларнинг геологик-структуравий ҳолати очиб берилди ҳамда тартибга солинди, уларнинг излаш-баҳолаш ишларидаги аҳамияти белгиланди. Муфассал геологик-башорат хариталари асосида ёпиқ маъданлашишни миқдорий жиҳатдан муайян башоратлашнинг услубияти ишлаб чиқилди ва такомиллаштирилди. Тоғ жинсларининг таркиби ва физик-механик хусусиятларининг яқинлиги нуқтаи назаридан Тянь-Шаньда 7 та геологик формация ажратилди. У ҳар бир формация фойдали қазилма бир турининг, камдан-кам ҳолларда иккита турининг устуворлиги билан ажралиб туришини, тоғ жинсларига конлар жойлашишининг ўз хусусиятлари ва маъданли таналарнинг маълум бир морфологик типлари хослигини назарий асослади.

Ҳабибулла Акбаров 500 дан ортиқ илмий ишлар, мақолалар, ўқув қўлланма ва дарсликлар ҳамда бир нечта монографиялар муаллифидир.

У педагогик ва илмий тадқиқот фаолияти билан бир қаторда юқори малакали илмий ва илмий-педагогик ходимларни тарбиялашга катта эътибор бериб келмоқда. Унинг раҳбарлигида, мустақиллик йилларида 12 нафар фан номзоди ва 6 нафар фан доктори ўзларининг илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилган. Атоқли олим ҳозирги кунда “Минерал ресурслар институти” ва “Геология ва геофизика институтлари”да ташкил этилган илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш ва Илмий семинарларнинг фахрий аъзоси сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.

Атоқли олим ўзининг билимли, қобилиятли, меҳнатсевар, инсонийлиги каби қатор хислатлари билан нафақат Ўзбекистондаги ҳамкасб дўстлари ва ёшлар орасида, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги етук геолог олимлар ичида ҳам ўзига яраша обрўга эга бўлиб, уларнинг чексиз ҳурмат ва иззат-икромига сазовор бўлиб келмоқда.