Охирги беш йилда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортсоғломлаштириш жараёнини кучайтириш, кенг аҳоли қатлами орасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини янада ошириш, замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш ва барча зарур жиҳозлар, анжом ҳамда инвентарлар билан таъминлаш, спортнинг ҳар бир турини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлари қабул қилинди. Спорт мусобақаларининг кўлами ва нуфузи ошди. Ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси илмий асосда ўзлаштирилиб, спорт-таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамлана бошлади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижнинг етук мутахассису мураббийлари юртимизда фаолият юритиб, иқтидорли спортчи ёшларга маҳорат дарслари ва машғулотлар ўтказмоқда. Бугун юртимизнинг ҳамма ҳудудларида спортнинг барча турлари бўйича тўгарак ва секциялар фарзандларимизни соғлом турмуш тарзига ошно этмоқда. Аммо энг асосий масала профессионал спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сонини сифат жиҳатидан ошириш ва нуфузли мусобақаларда керакли натижага эришишдир.
Ижтимоий тармоқлар яқинда Сербияда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионати мусобақалари ҳақида турлича фикр-мулоҳазаларни билдирган бўлса, кўча-кўй, гузару чойхоналар, кўпчилик йиғиладиган масканларда одамлар бир-бирига зид мулоҳазаларни гапира бошлади. Таажжубланарлиси шуки, жамоатчиликнинг бир-бирига номутаносиб фикрларига мутасаддилар тарафидан ҳеч бир муносабат билдирилмади. Масалага холисроқ ва кенгроқ ёндашиш зарур. Аввало, дунёда барча соҳалар жадал ривожланмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ҳам дунё такомилига хос ҳамда мос равишда ўзгаряпти. Бу — ҳақиқат.
Иккинчидан, спорт турлари орасида жиддий рақобат кучайгандан кучаймоқда. Муайян спорт турида мутлақ ғолибликка эришишни йиллар давомида сақлаб туриш жуда қийин масалага айланди. Айтайлик, боксда бир вақтлар Куба, собиқ иттифоқ ёхуд АҚШ, футболда Бразилия, қиличбозликда Италия, теннисда Аргентина жамоалари мутлақ ғолибл икни йиллар давомида ҳеч кимга бермаган бўлса, бу ҳолат ҳозирги тараққиёт замонида тез-тез ўзгариб турибди. Жамоалар мунтазам машғулот, инновацион ёндашув, креатив фикрлаш, рақибларни изчил ўрганиш асносида муваффақиятга эришмоқда.
Яна жаҳон чемпионатига қайтамиз. Муттасил таҳлилий жараён натижасида Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Куба боксчилари бокс мактабларининг фаолиятини чуқур ўрганиб ютуқларга эришган бўлса, Эквадор, Колумбия, Индонезия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Ирландия бокс мактаблари тараққиёт пиллапояларидан шиддат билан чиқиб келмоқда. Ўз-ўзидан хулоса қилинадики, биз рақобатга доим тайёр туришимиз керак.
Учинчидан, бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, спорт, айниқса, профессионал спорт “Яшартириш” масаласига кўпроқ тўқнашади. Терма жамоа аъзоларини муайян вақтда ёш, навқирон спортчиларга алмаштириш зарур. Тажрибали ва малакали мураббийлар бу масалани жамоанинг умумий мавқеига путур етказмай амалга оширади. Сербиядаги жаҳон чемпионатида қатнашган терма жамоамиз аъзоларини ҳам бош мураббий яшартиришга ҳаракат қилган. Бу жараённи қоралаб бўлмайди.
Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш асосларини ўзида жамлаган, етти устувор йўналишдан иборат “Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари” концепциясида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, туман ва шаҳарларда спорт турларини янада такомиллаштириш асносида нуфузли мусобақаларда иштирок этувчи спортчи-ёшлар сафини кенгайтириш фақат илм олиш ва яхши тарбияга боғлиқлиги алоҳида таъкидланди. Юртимиз спортчиларининг Олимпиада ва Паралимпия, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва нуфузли халқаро мусобақалардаги иштирокини яхшилаш учун уч масалага алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ:
Биринчидан, барча, айниқса, олимпия спорт турлари бўйича терма жамоа аъзолари дунё спорт оламидаги ўзгаришларни мунтазам кузатиб бориши, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида таҳлилдан ўтказиб, зарурий хулосаларга келиши шарт.
Иккинчидан, рақобатга бардош берадиган спортчиларни тарбиялаш, нуфузли мамлакатларга рақобатчи давлат бўлиш мақсадида жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги илмий янгиликлардан, тактика ва ҳужум услубидаги ўзгаришлардан доимий тартибда хабардор бўлиши керак. Нега кунчиқар юрт Япония ёхуд Жанубий Корея спортчилари энг нуфузли мусобақаларда юқори поғонани ҳеч кимга бермайди? Нега хитойлик спортчилар энг нуфузли мусобақаларда номдор мамлакатлар — Россия, АҚШ, Франция, Италия, Японияни аста-секин ортда қолдирмоқда? Бу саволларга фақат илм олиш, муттасил изланиш орқали жавоб бериш мумкин.
Учинчидан, спорт жамоалари, айниқса, миллий терма таркибига тавсия этилганлар, давлат спорт таълими муассасалари ўқувчи ҳамда талабалари учун психолог хизмати мунтазам равишда ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Спорт психологларини кўпайтириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш, жаҳон спорти психологиясининг энг сара жиҳатларини ижодий ўзлаштириб, миллий терма жамоаларимиз муваффақиятини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг спорт психологияси йўналишига қабул квотасини ошириш, хориждан олимларни таклиф этиб, жамоалар билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш зарур.