Бундай илғор диагностика ва муолажа усуллари ҳозир юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг қўлланиляпти. Бу эса оналар ва болалар саломатлигини таъминлаш йўналишида ижобий натижаларга асос бўлмоқда. 

— Эшитиш қобилиятидан мосуво бўлиб дунёга келган болалар аҳолининг ногиронлиги бор қатламига қўшилади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова. — Бунинг олдини олиш мақсадида дастлаб Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида, сўнг Республика перинатал марказларида ва 2019 йилдан Тошкент шаҳар туғуруқ муассасалари ҳамда болалар клиник шифохоналарида 1 ёшгача бўлган болаларни аудиоскринингдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

Мазкур диагностика ва даволаш усули юқоридаги нуқсон билан туғилган чақалоқлар қулоқлари ички қисмига жарроҳлик йўли билан махсус имплантат ўрнатиш орқали уларда эшитиш қобилиятини тиклашга хизмат қилмоқда. Юртимиз бўйича ўтган йили 315 нафар болада, жорий йил биринчи ярмида эса 351 нафар чақалоқда шундай юқори технологик операциялар ўтказилди. 2023 йилдан бошлаб республикамизда фаолият кўрсатаётган барча туғуруқ муассасалари ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида янги туғилган гўдаклар ҳамда бир ёшгача бўлган ўғил-қизларни аудиологик скринингдан ўтказиш кўзда тутилган. 

Шунингдек, келгуси йил ноябрь ойидан Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон ва Бухоро вилоятларида аудиологик ташхислашнинг кейинги босқичлари ҳамда кохлеар имлантация амалиёти жорий этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
матбуот хизмати