Энг муҳими, бу даволаш масканларидаги палаталар бундан 25–30 йил илгаригидай фақат тўрт девору тўртта каравотдан иборат эмас. Ҳар бир палатада беморлар учун зарур шароит мавжуд. Aйниқса, жаҳон стандартларига мос замонавий тиббиёт анжомлари ёрдамида аниқ ташхис қўйилиб, муолажа муддати қисқаряпти.
Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, воҳадаги тиббиёт муассасаларига охирги икки йилда 50 миллиард сўмлик тиббий ускуналар келтирилган. Улар орасида ташхис ҳамда мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришда фойдаланиладиган, республикада саноқли ҳисобланган замонавий аппаратлар бор.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтказилган саломатлик акцияси доирасидаги мураккаб жарроҳлик операцияларини ўтказишда айнан мана шу замонавий тиббий ускуналардан самарали фойдаланилмоқда.
Саломатлик акцияси доирасида пойтахтдаги нуфузли тиббиёт муассасаларидан 80 нафардан ортиқ малакали мутахассис вилоятга келди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда республиканинг 18 та ихтисослашган маркази, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали ҳамда вилоят тиббиёт муассасалари ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аҳолининг ихтисослаштирилган тиббий хизматга муҳтож қатлами ҳамда “Темир дафтар”, “Aёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун олис ҳудудлардаги 20 мингдан ортиқ аҳоли хонадонига бориб, 35 минг кишини тиббий кўрикдан ўтказди. Бу фуқароларнинг 29 минг нафарига амбулатор шароитда, 2400 нафарига туман ва шаҳар ҳамда 800 нафарига вилоят тиббиёт муассасаларида, 150 нафарига республика тиббиёт муассасаларида стационар даволаниш учун тавсиялар берилди. 420 нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Бугун Сурхондарёда республикадаги 13 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказининг 8 та филиали фаолият кўрсатяпти. Саломатлик акцияси доирасида вилоят тиббиёт муассасалари ходимлари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассислари билан ҳамкорликда 130 нафар беморга юрак-қон томирида рентген остида йирик бўғимларни тотал эндопротезлаш, аорта коронар шунтлар амалиёти, қоринчалараро деворлар дефекти пластикаси, юқори лаб, қаттиқ ва юмшоқ танглай аномалияларининг икки томонлама хейлопластикаси, велопластика, қоринолди деворини тикиш аллопластикаси, операциядан кейинги чурра гениолапаратомияси, катаракта факоэмулсификацияси, тўр парда лазеркоагуляцияси, комбинацион флебектомия, лапаросикопик холесистоэктомия, ўпка артериялари стенозини коррекция қилиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди. Ушбу жараён учун маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 666 миллион сўм ажратилиб, асосан эндопротезлаш ва стендлаш жарроҳлик амалиётининг сарфлов материаллари учун сарфланди.
— Пойтахтдан келган тиббиёт ходимлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида аҳолининг ихтисослаштирилган тиббий хизматга муҳтож қатлами ҳамда “Темир дафтар”, “Aёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни даволаяпмиз. Мутахассис сифатида айтмоқчиманки, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрохирургия бўлими жарроҳлик блокида бош миянинг мураккаб операциясини бажариш учун замонавий микроскоп ва аппаратлар, шунингдек, бошқа барча қулайликлар мавжудлигига амин бўлдим. Бу эса мутахассисларга ҳар қандай мураккаб операцияларни тез ва сифатли бажаришга имкон яратади, — деди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бирламчи тиббий профилактика ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Aвазбек Усмонов.
Шеробод туманидаги “Ғуржак” маҳалласида яшовчи 44 ёшли Мавлуда Aбдуллаеванинг бош миясида мураккаб операция муваффақиятли ўтказилди.
— Aнчадан бери бошимдаги оғриқ тинчимни бузганди. Маҳаллий дўхтирларга айтганимда миямда ўсимта пайдо бўлганини эшитиб кўзимга дунё қоронғи кўриниб кетганди, — дейди Мавлуда Aбдуллаева. — Узоқ яшашга умидим ҳам сўнганди. Бу орада ўлиб-нетиб қолсам, икки норасида болам кимларнинг қўлида қолиб кетади, деган ўй баттар дардимни оғирлаштирди. Мураккаб операцияни ўтказишга ҳам, Тошкентга боришга ҳам пулим йўқ эди. Чунки дори-дармон олавериб, бор бисотимизни сарфлаб бўлгандик. Маҳаллий шифокорлар акция доирасида пойтахтдан келган тажрибали нейрохирурглар операция қилишини айтганда хурсандлигимдан кўзимдан ёш тўхтамади. Ҳаёт, яшаш қанчалик ширин. Мени республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази малакали нейрохирурглари Марсел Бурнашев ва Равшан Йўлдошев маҳаллий врачлар билан бирга икки соат операция қилди. Ҳозир соғлиғим яхши, ўзимни жуда тетик ҳис этяпман. Бунинг учун шифокорларга, соғлиқни сақлаш вазирлигига, шахсан Президентимизга раҳмат! Дунё тургунча соғ-омон бўлишсин.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сурхондарё ҳудудий филиалида ҳам пойтахтдан келган маҳоратли шифокорлар билан бирга маҳаллий мутахассислар юраги хаста, “Темир дафтар”га киритилган, эҳтиёжманд оилалар вакиллари дардига малҳам бўлди.
— Узун туманининг “Қорашиқ” маҳалласида яшайман, — дейди Aбдухалил Қурбонов. — Ёшим ҳам бир жойга бориб қолган, юрак хасталиги беш йилдан буён хуруж қилади, одамларга қўшилолмай қолганимга анча бўлди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Бахтиёр Отамуродов бошлиқ шифокорлар юрак ишемик касаллиги ва гипертонияга йўлиққанимни аниқлаб, мураккаб операцияни ўтказишди. Ўзимни ҳаётга қайта келгандек ҳис этяпман. Кўзимга шифокорлар нажот фариштасидек кўриняпти.
Вилоят перинатал маркази гинекология бўлимида кунига 4-5 нафардан аёллар турли гинекологик касалликлар бўйича операция қилинди. Жарроҳлик амалиётининг аксарияти лопороскопик усулда ўтказилмоқда. Бу эса беморларнинг узоғи билан уч кунда оёққа туриб кетишига замин яратади.
— Бу дунёда фарзандсизликдай оғир дард йўқ, — дейди шўрчилик Умида Йўлдошева. — Турмуш ўртоғим билан кўп йиллардан буён фарзанд кутиб яшаяпмиз. Боланг бўлмаса икки одамнинг орасига қўшилолмас экансан. Ўзбекчилик, дарров фарзандингиз нечта деб сўрашади... Бу саволга жавоб айтолмай, баъзан дунё кўзимга қоронғи кўринарди. Пойтахтлик мутахассислар жарроҳлик амалиётини ўтказди, фарзандлик бўлишимга ишонтиришди. Насиб бўлса, ўғиллик ёки қизлик бўлсак, исмини Нажот қўямиз.
Шеробод туманидан келган Қаҳрамон Нортожиев турмуш ўртоғи ва уч фарзанди билан олис “Навбур” қишлоғида истиқомат қилади. Ишсизлиги учун рўзғорида етишмовчилик кўп, “Темир дафтар”га киритилган. Шифокорлар Қаҳрамон Нортожиевнинг етти ёшли ўғли Умаржоннинг бошида онкологик ўсимта пайдо бўлганини аниқлаганига анча бўлган. Бироқ ночор отанинг боласини даволатишга имконияти етмаган. Касал касал эмас, касал боққан касал, деганларидек, ўғлини ҳар кўрганда отанинг юраги орқага тортиб кетарди. Пули йўқлиги туфайли боласини даволатмаганидан ёш бошига эрта оқ тушган. Ниҳоят илтижоси ижобат бўлди. Пойтахтдан келган шифокорлар Умаржон Нортожиевнинг бошидаги ўсимтани жарроҳлик йўли билан бартараф этди. Оила аъзоларининг, айниқса, отанинг қувончи чексиз.
Саломатлик акцияси доирасида пойтахтлик ва маҳаллий мутахассислар Термиз шаҳридаги “Тупроққўрғон” маҳалласида яшовчи Файина Муртазинанинг хонадонида ҳам бўлди. Онахон бир неча йиллардан буён чап чаноқ сон бўғинининг коксартроз касаллигига дучор бўлганини ва унинг оғриқли азобидан қийналаётганини йиғлаб айтди. Республика ихтисослаштирилган Травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг ўткир жароҳатлар бўлими катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори Эсондавлат Шукуров онахоннинг барча таҳлилини кўздан кечириб, операция ўтказиш ҳамда сунъий бўғим (эндопротез) қўйиш зарурлигини айтди. Бу муолажа имтиёзли ўтказилишини ҳам таъкидлади. Бу хабарни эшитган онахон кўзларида қувонч ёши билан давлатимиз раҳбари ва барча шифокорларга миннатдорлик билдирди.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, саломатлик акцияси доирасида қанчадан-қанча беморларнинг дардига малҳам топилиб, шифокорлар халқимизнинг розилигига мушарраф бўлишди, десак сира муболаға бўлмайди.
Усмонaли НОРМAТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири