Ҳаёт нақши

Дунёда шарафли вазифалар жуда кўп, аммо киндик қонинг томган она Ватанингни ҳимоя қилиш шарафлилар ичра энг шарафлисидир. Мақоламиз қаҳрамони, 2021 йилда  Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи” халқаро мусобақасининг мутлақ ғолиби, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби Хайрулло Олимов асл ватанпарвар йигит. У билан суҳбатлашар эканмиз, бизнинг ҳам қалбимизда фахр-ифтихор туйғулари мавжланади.

— Президентимиз  “Мард ўғлон” давлат мукофотини кўксимга қадаётган маҳал мен ўзимни дунёдаги энг алпқомат, тоғни урса толқон қиладиган паҳлавон сингари кучли  ҳис  қилдим, — дейди Х.Олимов. — Юрт отасининг меҳр билан боқиб турган нигоҳи эса ўзимга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади. Ўша кун  ҳаётимдаги энг ёруғ ва гўзал кун сифатида хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди.

Ҳарбийликни ҳаётининг мазмуни деб билган ва эндигина 30 ёшни қаршилаётган Х.Олимов деярли 11 йилдан бери она Ватанимиз сарҳадларида юрт осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган шижоатли ҳарбийларимиздан.

Асли Андижоннинг Балиқчи туманидаги Олимбек қишлоғида вояга етган Хайруллонинг болалиги оилавий шароит сабаб тенгдошлари сингари шоду хуррамликда ўтмади. Тенгқурлари қатори ҳар йили ёзги таътилдан сўнг мактабга чиқар пайти янги кийимларини кийиб, ўзини болаларча кўз-кўз қилиш ҳам унга насиб этмаган.

Катта бўлсам, ҳарбий бўламан

— Болалигимда ўзимиздан сал узоқроқда яшайдиган қўшнимизнинг катта “Jip” машинаси бўларди. Дадам уйдаги эски, униқиб қолган велосипедини миниб ишга шошиб кетаётган пайтлари бой қўшнимизга дуч келиб қолишини ва у одамнинг истеҳзоли кулишини кўп бора кўриб ичимдан хафа бўлардим. Ўшанда бола қалбим билан тезроқ катта бўлишни ва дадамга шундай катта машина олиб беришни ният қилган вақтларим жуда кўп бўлган. Мактабга борганимда эса баъзи бир ўртоқларим нуқул акасининг эскисини кияди, дея мазах қилишарди. Шундай  вақтлари қишлоқ кўчалари бўйлаб тинмай югурардим. Ёки копток тепиб, терлаб-пишиб хумордан чиқардим. Катта бўлсам, ҳарбий бўламан ёки спортчи бўламан, кўп пул топаман, дадамни, онамни, жигарларимни хурсанд қиламан деб орзу қилардим... 

Баъзан дадам кўнглимдаги хаёлларимни сезиб қолгандай, “Болам, меҳнат билан топилган  ризқ  баракали бўлади, ҳозирча бир ўзимман,  аммо кун келиб, сизлар қанотимга кирасизлар, ўшанда  энг бахтли ва энг бой одам бўламан”, дерди. Бу гапларнинг мазмун-моҳиятига кўпам тушунмасам-да, негадир хотиржам бўлиб қолардим, — дея хотирлайди Хайрулло.

Болаликдаги орзулар ижобати

Хайруллонинг болаликдаги эзгу орзулари ушалиб, бугун ҳарбий хизматчи ва машҳур спортчи бўлди.

2007 йил 9-синфни тамомлаб, қўшни Олтинкўл туманидаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқишини давом эттирди. Коллежда ўқиб юрган кезлари хонадошлари ҳафта тугаши билан уйига ошиқса, у отаси берган пулни тежаш учун коллежнинг эски ётоқхонасида бир ўзи қолиб кетарди. Муштдайгина ўспириннинг орзу-ўйлари баъзан ўз бошига сиғмай қолгандай таассурот ҳам уйғотарди...

2011 йил коллежни битириб, Сурхондарё  вилояти  Шеробод туманига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун сафарга отланди. Ўз хизмат вазифасини бажариш баробарида спортдан бир муддат ҳам йироқлашмади. Ундаги ирода ва қалбидаги ўтли шижоатни кўрган  командирлари ҳарбий бўлимда меҳнат фаолиятини давом эттиришга тавсиянома берди.

Шундай қилиб, қаҳрамонимиз дастлаб Шерободда, айни пайтда эса  Тошкент ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларда хизмат қилиб келмоқда.

Энг илғор жангчи

Хайруллонинг ҳаётидаги ёғдули кунлар шуъласи сўнгги йиллардагина  нур сочиб, атрофга тароват бағишлай бошлади. Эзгу ниятлари ижобати йўлидаги  тинимсиз меҳнатлари улкан ғалабаларга замин яратди.

2018 йили илк бор Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро армия ўйинларининг ҳарбий-тиббий эстафета йўналишида умумжамоа ҳисобида учинчи ўринга мушарраф бўлди. 2019-2020 йилларда эса юртимизда бўлиб ўтган Халқаро армия ўйинларининг ушбу йўналишида унинг  жамоаси  биринчи ўринни  қўлга киритди.

2021 йил Хайруллонинг ҳаётида туб ўзгариш даври бўлди. У Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи” халқаро мусобақасида  иштирок этиб, ғолиблик шоҳсупасини эгаллади. Ушбу беллашувларда 4 та рекорд ўрнатиб, иштирокчилар ва кузатувчиларнинг олқишига сазовор бўлди. 3 километру 200 метр масофага югуриш, 20 километрни 20 килограмм юк билан босиб ўтиш, 900 метрлик тўсиқлараро ҳаракатланиш, 250 метр оралиғида 6 та шартни қисқа фурсатда бажаришда барча  рақибларини доғда қолдирди...

Кичик сержант Хайрулло Олимов бугун бахтли бир оиланинг бошлиғи, икки нафар ўғилнинг меҳрибон отаси, рафиқасининг суянчи. Иши ва оиласидан ортиб, Тошкент давлат юридик университетининг сиртқи бўлимида таҳсил олмоқда. Мухтасар айтганда, Ватанимиз ҳимоячиси, ҳарбий деган  улуғвор номга ҳар томонлама муносиб бўлган эр йигит!

— Давлатимиз раҳбари биз, ёшларга барча имкониятларни яратиб бераётган экан, уни суиистеъмол қилишга ҳаққимиз йўқ. Токи, танамда жоним бор экан, бор куч ва шижоатимни, билимимни она юртимнинг келажаги, порлоқ истиқболи учун сафарбар этаман, — дейди у.

Эзгу мақсадлари йўлида тинимсиз меҳнат қилиш, интилиш лозимлигини, қийинчиликлардан қўрқмасликни, ният холис бўлса, ҳар қандай орзу амалга ошишини болалигиданоқ Хайруллонинг қулоғига қуйишган. Қарилик гаштини сураётган отаси ҳамон эл хизматида. Беш  нафар фарзандининг ҳар бири ҳаётда ўз ўрнини топганидан мамнун.

—  Мен дунёдаги энг бахтиёр онаман. Шундай ёруғ ва  саодатли кунларни инъом этган ва ўғлимнинг камтарона хизматларини юксак баҳолаган Президентимизнинг тану жонлари соғ бўлсин. Ўз юртига садоқат билан хизмат қилаётган жигарбандимнинг шарафли касби билан жуда ҳам  фахрланаман, — дейди  қаҳрамонимизнинг онаси Ҳалимахон ая.

Мақолани мухтасар қилар эканман, масъулиятли касб эгаларининг келгусидаги фаолиятига куч-қувват, шижоат тилаган ҳолда, Фузулийнинг “Менинг битта ҳаётим бор, борди-ю мингта ҳаётга эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим”, деб айтган сўзлари мисолини  Хайрулло  Олимов каби Ватан ҳимоячилари бўлмиш  мард ва жасур йигитларимизнинг фаолияти мисолида кўргандай бўлдим...

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири