Юртимиз ўз тараққиёт йўлида дадил одимламоқда. Бу бизга ишонч ва ғурур бағишлайди. Шу она тупроқ заминида туғилдик, ўсдик, вояга етдик. Ўқиб, ишлаб жимиятнинг тенг аъзоси бўлдик. Юртимизга ҳар томонлама тиргак бўлиш вазифамиз. Баъзан интернетда, хорижий матбуотда ҳақиқатни яшириб, уни турли манфаатлар йўлида сохталаштиришга ишқибозлар кўпайиб кетади. Албатта, соғлом фикрлайдиган инсон бу каби маълумотларга ишонмайди. Шундай кезларда ҳасад қилма хавас қил дегим келади. Рости, хавас қилишга арзугулик кўп ислоҳотлар амалга оширилди. Биргина ижтимоий соҳани олайлик. Кам даромадли, ёрдамга муҳтож оилалар давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларнинг ишли бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Юртимиз обод. Қай манзилга борманг бир ўзгаришга, янгиланишга гувоҳ бўласиз, кўзингиз қувнайди. Жорий йилнинг 1-2- июль воқеалари барчамизнинг кўнглимизни ранжитди. Интернет тармоқларида бўлар-бўлмас бўхтон, уйдирмалар ёзишга кетган вақт жамиятимиз учун фойдали ишларга сарф қилинса, дилни яйратадиган манзиллар янада кўпаяди.
Тез ва жадал ўзгариб бораётган замонга қарасак, ўзимизни буткул янгилангандай сезамиз. Дунё тараққиётида юртимизнинг юксак ўринга эга экани кўнглимизни кўтаради. Юртимизда бўлаётган улуғ ўзгаришлар, ижобий ишларни кўриш учун узоққа бориш шарт эмас. Ҳар биримиз ўзимиз яшаётган шаҳар ёки туман, кўчаларимиз, маҳалламизга назар ташласак, кўзимиз қувнайди.
Бугун ҳаётимиз буткул ўзгарди. Ҳар икки оиланинг бирида енгил машина, оила аъзоларининг ҳар бирида уяли алоқа воситалари, ҳатто кичкина болаларимиз компютер техникаларини қандай ишлатишни билади, хорижий тилларда бемалол гапиради.
Давлатимиз раҳбари барча соҳаларни янада такомиллаштиришга оид фармон ва қарорлар қабул қилмоқда. Ана шу ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳар гўшанинг обод, кўнгилларнинг шод бўлишига хизмат қилмоқда. Азиз юртдош, ҳар биримиз ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшайлик!