Ортда қолаётган ушбу йил ўзидан бирмунча хотиралар қолдирмоқда. Бу хотиралар ичида энг ёддақоларлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқи бўлди, десам адашмайман. Боиси унда Президентимизнинг ҳар бир сўзи ёшларга катта куч-ғайрат, шижоат бағишлади. “Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз ва азму шижоатингизга суянамиз”, деганликлари юракларимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдирди.

Юртбошимиз ҳар гал ёшлар билан мулоқот қилганларида ўқиш, изланиш, тинимсиз ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлайдилар. Уларнинг “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар мустақиллик фарзандларисиз”, деган даъваткор сўзлари бизни янги марралар сари ундади. Илм излашдаги ғайрат-шижоатимизни оширди.

Президентимизнинг Ёшларга масалаларида илгари сурган долзарб вазифалари ЎзЛиДеП олдига ҳам амалга оширилиши зарур бўлган ишларни юклайди. Хусусан, эндиликда, Республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида “ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Ушбу саноат зоналарида ёшлар лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун зарур бўладиган барча инфратузилма объектлари жойлаштирилади. Бундан ташқари, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури орқали ҳар бир вилоятга ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилади. Албатта, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш каби бажарилиши лозим бўлган вазифалар ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида ҳам белгиланган бўлиб, бу ишларни янада жадаллаштириш борасида муҳим вазифаларни белгилаб олдик.

Юртбошимизнинг ёшларни қўллаб-қувватлашдаги яна бир муҳим сўзлари “Ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур”, деганлари бўлди. Юртбошимизнинг бу сўзлари биз, ёшларни янада тўлқинлантирди. Биз Президентимизнинг ишончларини оқлаб, юртга муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз!

Жавоҳирбек ШАМСУДДИНОВ,

ЎзЛиДеП Фарғона вилоят Кенгаши Ёшлар

билан ишлаш бўлими мудири.