Маълумки, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан 2019 йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигинии ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2021 йил 19 январь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилиши, 2021 йил 26 март кунги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Маънавият фестивали”ни ўтказиш йўлга қўйилди.

Куни кеча “Янги Ўзбекистон маърифатли жамият!” шиори остида жорий йилги “Маънавият фестивали”ни ўтказиш юзасидан Республика ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳамкор 20 та вазирлик ва идоралар вакиллари, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, маънавият фидойилари, олимлар, зиёлилар, ОAВ вакиллари шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари масъуллари Zoom платформаси орқали иштирок этди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов фестивални ташкил этиш ва ўтказишга оид амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтди.

Фестивал доирасида “Учинчи Ренессанс — маърифатли жамият сари!” мавзусида конференция, “Ўзбекистон қаҳрамонлари” ва “Маънавият асосий тушунчалар луғати” номли китоблар тақдимоти, “Менинг фарзандим — Ўзбекистон фахри!”, “Зиёлилар форуми”, “Инсон қадри”, “Меҳр-мурувват ва саховат учун”, “Маърифат соати”, “Маърифатли оила – маънавият таянчи”, “Театр ҳафталиги” лойиҳалари, “Маърифат улашиб” акцияси, “Янги уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади” номли китоб кўргазмалари, “Фаол фуқаро” мунозара клуби, “Маърифат Зиё” платформаси тақдимоти, “Маънавият кубоги” спорт мусобақаси ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади".

Йиғилишда сўзга чиққанлар фестивал доирасида 14 та ҳудудда 18 та ижтимоий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилганини таъкидлашди. Қолаверса,  илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бадиий ижод каби соҳа вакилларидан иборат 500 нафар “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоларини жалб этиш, бу орқали 3 млнга яқин аҳолини қамраб олиш режалаштирилганлигини ҳам айтиб ўтишди.

"Маърифат" тарғиботчилар жамияти Aхборот хизмати