Хусусан, шу йили иш бошлаган “Экокерама” МЧЖ ҳам улар эришаётган катта муваффақиятлардан биридир. Корхонада энергия тежовчи технологиялар асосида 15 турдаги сантехника буюмлари ишлаб чиқарилмоқда.
Аслида у йилига 500 минг дона 20 турдаги сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бундан ташқари, қувватини ошириб, маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган. 100 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилиши ҳамда замонавий технологиялар қўлланилиши сабабли “Экокерама” маҳсулотлари хорижий муқобилларига нисбатан арзон бўлади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил июнь ойи бошида мазкур корхона фаолияти билан танишиш чоғида, уни кластерга айлантириш, карьерлар ажратиб бериб, камида 30 йиллик хомашё захираси билан таъминлаш зарурлигини таъкидлаган эди.
Корхонанинг лойиҳа қиймати 15 миллион доллар. Жумладан, 11 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилган. Корхона тўлиқ қувватда ишласа 500 киши иш билан таъминланади.
Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан корхонада журналистлар иштирокида ўтказилган пресс-турда алоҳида қайд ўтилди.
— Корхонамизда импорт ўрнини босувчи сантехника жиҳозлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган, — дейди таъсисчилардан бири Салоҳиддин Юнусов.
— Уларнинг барчаси мамлакатимизга асосан хориждан олиб келинарди. Эндиликда бунга барҳам берилмоқда ва аксинча энди биз четга ўз сантехника маҳсулотларимизни экспорт қиламиз.
Сантехника жиҳозларини ишлаб чиқариш мураккаб ва нозик жараёндир. Бунинг учун ўндан ортиқ турдаги хом ашёлардан фойдаланилади. Лой 1 минг 200 ҳароратда пиширилиб, тўлиқ тайёр маҳсулот ҳолда тайёрланади.
— Бу ерда ўзбекларга хос “Устоз-шогирд” анъанаси шаклланиб улгурган. Ҳар бир устага 2 та шогирд бириктирилган. Шогирдлар устозлардан маҳсулот ишлаб чиқариш, унга шакл ва сайқал бериш сир-синоатларини ўрганади. Кейинчалик уларнинг ўзлари ҳам устоз мақомига эришиб, давомчиларни тайёрлайди, — деди Салоҳиддин Юнусов журналистлар билан ўтказилган суҳбатлар давомида.
— Ерости бойликларидан унумли фойдаланиш, захира хомашёларини яратиш, кластер тизимида ишлаш олимизда турган энг муҳим вазифадар сирасига киради.
Пресс-тур давомида журналистлар республикамизда ягона ҳисобланган мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишишди.
Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,
журналист